Премьер: Автомобилни қайта рўйхатга олиш 1-июндан бошлаб йил охиригача бепул бўлади

309

Премьер-министр Улукбек Марипов яқинда автотранспортларни бепул қайта рўйхатга олиш кампанияси бошланишини билдирди. Жараён йил охиригача давом этади.

«1-июндан бошлаб транспорт воситаларини қайта рўйхатга қўйиш бўйича миллий кампания бошланади, у 31-декабргача давом этади. Транспортларни қайта рўйхатга олиш келажакда жарималар бўйича жанжалларни олдини олишга ёрдам беради», — деди у.

Қирғизистонда «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси ишга тушгандан кейин автомашинасини ишончнома билан сотган ҳайдовчиларга жарима кела бошлаган. Сабаби улар машинани сотиб олган кишининг номига ўтказмай, ўзларининг номида қолдиришган. Бу ўз навбатида бир қанча тушунмовчиликларга олиб келган.

Давлат рўйхатга олиш хизматининг маълумоти бўйича агар фуқаро автотранспортни биринчи марта ўзига расмийлаштирса, тариф сетка билан белгиланган нархнинг 5 фоизини тўлайди, қайта рўйхатга олса, унинг 0,3 фоизини тўлаши керак.

Давлат рўйхатга олиш хизмати 2021-йилга автомашинани рўйхатга олиш ва қайта расмийлаштиришнинг тариф сеткасини тасдиқлади.