Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги 22-апрелда Қирғизистонда коронавирусга чалинган беморлар орасида британиялик, жанубий африкалик, ҳиндистонлик ва россиялик штаммлар тарқалганини маълум қилди. Бу штаммлар Хитойда аниқланган биринчи SARS-Cov-2 вируси штаммидан фарқ қилади.
Муассаса бундай натижани Россиядаги «Вектор» давлат вирусология ва эпидемиология илмий текшириш марказидан олгани таъкидланган. 26-мартда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қирғизистондаги беморларнинг материалларини коронавируснинг штаммларини кўп турлилигини аниқлаш учун «Вектор»га текширишга юборган.
* Аввалроқ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги коронавирус намуналарини вақти-вақти билан Новосибирск ва Москва шаҳарларидаги лабораторияларга юбориб туришини хабар қилган.
Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги фуқароларга ниқоб тақишни, шахсий гигиенани сақлашни, қўлни антисептиклар билан ювишни, жамоат жойларига боришдан сақланиш ва ижтимоий масофани сақлашни таклиф қилди.
Шунингдек, вазирлик қирғизистонликларни касаллик белгилари пайдо бўлганда ўзбилармонлик билан даволамай, 118 телефонига қўнғироқ қилишга ёки оилавий шифокорлар гуруҳларига мурожаат қилишга чақирди.
Қандай штаммлар?
Коронавируснинг янги штаммлари ҳақида маълумотлар жуда кам, улар кам ўрганилган. COVID-19 чақирувчи SARS-Cov-2 вируси ҳам бошқа вируслар каби вақт ўтган сари ўзгариб, мутация бўлади. Шу сабаб вируснинг янги штаммлари пайдо бўлмоқда. ЖССТнинг маълумотига кўра, дунё бўйича бу вирусни юзлаган тури аниқланди.
Британча штамм биринчи марта 2020-йилнинг сентябрь ойида Кент графлигида аниқланган. Декабрнинг ярмида Лондонда вирусга чалинганларнинг 65% мана шу штаммга чалинган. Шу сабаб Буюк Британия ҳукумати янги чекловларни киритишга мажбур бўлган. Британча штамм дастлабки SARS-Cov-2 вирусига қараганда тез юқади ва ўлимга олиб келиши айтилмоқда. У кўп давлатларда аниқлана бошлади.
SARS-Cov-2 вируснинг жанубий африканча штамми ҳам Хитойдаги вирусга қараганда жуда юқумли. ЖССТнинг маълумоти бўйича, бу штамм вирусни юқтиргандан кейин ўта оғир касалликларни қўзғайди. Шунингдек, бу штамм дастлабки SARS-Cov-2 вирусининг антитаналари билан ночор танилади. COVID-19 касаллигидан соғайган ёки унга қарши эмланган одам жанубий африкалик штаммни юқтириб олишгани имкони катта.
Роспотребнадзорнинг раҳбари Анна Попова 19-апрелда Россияда вируснинг чет ўлкаларда аниқланган вариантларига ўхшамаган турлари учраётганини маълум қилган: сибирь ва шимолий-ғарб. 2020-йилнинг ноябрь ойида Попова Сибирда аниқланган SARS-CoV-2 вирусининг тизимидаги ўзгаришлар унинг хавфлилигини кучайтирмайди деб айтган.
Ҳиндистонча штамм ҳақида деярлик ҳеч қандай маълумот йўқ. У 2020-йилнинг октябрь ойида топилган. У дастлабки SARS-CoV-2 вирусига қараганда анча юқумли бўлиши мумкин деб айтилади.
Қирғизистонда коронавирусга қарши эмлаш
Аҳолини коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи босқичи 29-мартда бошланган. Биринчи босқичда тиббиёт, билим бериш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч тизимларининг ходимлари эмлашдан ўтказилмоқда. Аниқроғи, қолганлар вакцинани ҳозирча олишолмайди.
Ҳозирда COVID-19 касаллигига қарши хитойнинг Sinopharm вакцинаси қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг 22-апрелга берган маълумоти бўйича 13 552 киши эмланган.
Шунингдек, 22-апрелда ўлкага русларнинг «Спутник V» вакцинасидан 20 минг дозаси келиши маълум бўлди. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг айтишича, Қирғизистон препаратдан бир миллион доза буюртма берган, унинг ичидан 500 минг дозаси гуманитар ёрдам қатори сўралган. Бироқ ҳозирча қолган дозалар қачон келиши номаълум.
Бейшеналиев 14-апрелда Қирғизистонга AstraZeneca оксфорд вакцинасидан 405 минг дозаси май-июнь ойларида олиб келиниши кутилаётганини айтган.
* COVAX – вакциналарни сотиб олиш ва адолатли тақсимлаш бўйича ташаббус. Бу дастур бўйича иқтисоди паст ва ўрта даражадаги ривожланган давлатлар учун вакциналарнинг бир қисмини донорлар сотиб олишади.
Бу вақтгача соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Қирғизистон COVAX дастури асосида вакцианаларнинг 2,6 млн дозасини олишини маълум қилган.