Қирғизистонга «Спутник V» вакцинасининг 20 минг дозаси келди

250

Қирғизистонга 22-апрелда Россияда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинасидан 20 минг доза келди.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Алимкадир Бейшеналиевнинг айтишича, «Спутник V» вакцинаси эртадан бошлаб фойдаланилади.

У олдин Қирғизистон препаратдан бир миллион доза буюртма берганини, унинг орасида 500 минг дозаси гуманитар ёрдам қатори сўралганини айтган. Бироқ ҳозирча қолган дозалар қачон келиши номаълум.

Қирғизистонда коронавирусга қарши эмлаш

Аҳолини коронавирусга қарши эмлашнинг биринчи босқичи 29-мартда бошланган. Биринчи босқичда тиббиёт, билим бериш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч тизимларининг ходимлари эмлашдан ўтказилмоқда. Аниқроғи, қолганлар вакцинани ҳозирча олишолмайди.

Ҳозирда COVID-19 касаллигига қарши хитойнинг Sinopharm вакцинаси қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг 22-апрелга берган маълумоти бўйича 13 552 киши эмланган. «Спутник V» вакциянасидан ташқари Қирғизистонда COVAX* орқали май-июнь ойларида Оксфорднинг AstraZeneca вакцинасидан 405 минг доза келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Бейшеналиeв билдирган.

* COVAX – вакциналарни сотиб олиш ва адолатли тақсимлаш бўйича ташаббус. Бу дастур бўйича иқтисоди паст ва ўрта даражадаги ривожланган давлатлар учун вакциналарнинг бир қисмини донорлар сотиб олишади.

Бу вақтгача соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазири Қирғизистон COVAX дастури асосида вакцианаларнинг 2,6 млн дозасини олишини маълум қилган.