Temirov LIVE: МХДҚнинг маълумоти аниқ эмас, судья Жээнбекованинг 74 квартираси йўқ

347

Temirov LIVE ютуб-каналининг суриштирувчи-журналистлари МХДҚ Равшан Жээнбековнинг синглиси, судья Мира Жээнбековага тегишли дейилган кўчмас мулклари биргина қурилиш, аниқроғи кўп қаватли бино эканини аниқлашди.

МХДҚнинг матбуот хизмати 8 апрелда Бишкек шаҳар судининг судьяси қонуний даромад манбаи йўқ бўлиб туриб, 74 қимматбаҳо уй, 19 тижорий бино, 10 автотўхташ ва Бишкекнинг «олтин квадратида» қимматбаҳо ер участкаларига эгалик қилади деб билдирган.

Temirov LIVE каналининг журналисти Арген Камалдинов бу маълумотни текшириб, мазкур манзилда биргина қурилиш объекти жойлашганини аниқлади.

«2015 йилдаги харитани қарасак, бу ерда икки қаватли уй бўлган. Кадастрда бинога Жээнбековлар ва Шадиевларнинг оиласи эгалик қилиши кўрсатилган. Султан Шадиев судьянинг турмуш ўртоғи, Жээнбековлар Мира Жээнбекованинг қариндошлари. Аниқроғи, иккиси ҳам судьянинг яқинлари», — деб таъкидлайди журналист.

Камалдиновнинг айтишича, қурилиш компанияси билан улуш ҳақидаги шартномага кўра, икки оила кўп қаватли бино майдонининг 20%га эгалик қилади. Бу ҳар бир оилага 74 эмас, 7-8 квартирага тўғри келади дегани.

Мира Жээнбековага тегишли дейилган икки уйнинг бири 2017 йили отаси томонидан сотилган.

«Бошқа икки объект ҳақиқатдан ҳам Мира Жээнбекованинг турмуш ўртоғига тегишли, бироқ улар 90-2000 йиллар бошида сотиб олинган ёки мерос қолган. Эслатиб ўтсак, Мира Жээнбекова 2016 йили судьялик хизматига келган», — деб таъкидлади журналист.

Ноқонуний бойишда айблаш

МХДҚнинг матбуот хизмати 8 апрелда «Ноқонуний бойиш» моддаси билан Бишкек шаҳар судининг судьясига нисбатан судгача текширув бошланганини хабар қилган.

«Судья жиноий йўл билан олинган кўчмас мулкнинг яшириш мақсадида яқин қариндошлари ва бошқа одамлар билан сотиш ва сотиб олиш шартномаларини тузган», — деб ёзилади МХДҚнинг билдирувида.

Шунингдек судьянинг декларациясида кўрсатилмаган объектларни излаш ва юқорида айтилган иш бўйича тергов амаллари давом этишини маълум қилган.

МХДҚнинг билдирувида Бишкек шаҳар судининг қайси судьяси ноқонуний бойиган деб айбланаётгани аниқ айтилмаган. Бироқ кейин сиёсатчи Равшан Жээнбеков матбуот анжумани ўтказиб, гап синглиси Мира Жээнбекова ҳақида бўлаётганини айтган.

Унинг айтишича, синглиси ҳақида тарқалган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

«Бошқа бировнинг мулкини синглимга ва куёвимизга ёзиб қўйишибди. Биз буни яқин орада исботлаб берамиз. Куёвимизни хусусий клиникаси бор, бизнес қилади, улар ишлаб топган пулини ҳаммасини ҳалол меҳнат билан топишади, пулларини қаердан келиш манбаси бор, МХДҚ ёлғон маълумот тарқатмоқда», — деб таъкидлаган сиёсатчи.