Москвада қирғизистонликлар Ташиевнинг истеъфосини талаб қилишди

345

Москвада яшаган юзлаган қирғизистонликлар Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг қирғиз-ўзбек чегараси бўйича чиқарган қароридан норозилик билдириб, қўмитанинг раиси Камчибек Ташиевнинг истеъфосини талаб қилишди.

Мигрантларнинг йиғилишини «Мен маъқул эмасман» ва «Ҳуқуқим бор» ҳаракатлари уюштирди.

«Мен маъқул эмасман» ҳаракатининг аъзоси, тадбирни уюштирганларнинг бири Орозайим Нарматованинг айтишича, қарорлар халқнинг фикрини ҳисобга олмай чиқарилмоқда.

«Қирғизистоннинг ери МХДҚнинг мулки эмас. Улар халқнинг, Жогорку Кенешнинг аралашувисиз, ўзи мустақил ҳал қилишга ҳуқуқи йўқ. Бугунги йиғилиш «МХДҚнинг етакчиси хизматини ўз ихтиёри билан топшириб берсин» деган талаб билан ўтмоқда. Тадбирни қаршилик акцияси десак тўғри бўлади», — деб Нарматова билдирди.

МХДҚ муҳожирларнинг билдирувларига изоҳ бермади.

Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги келишув

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев қирғиз-ўзбек чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масаласи бўйича қирғиз делегацияси билан бирга 23 мартда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрига учиб кетишган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси қирғиз-ўзбек чегараси тўлиқ ҳал бўлганини 26 мартда матбуот анжуманида билдирган. Ташиевнинг айтишича, сўзлашувлардан кейин икки давлат ўртасидаги баҳсли ерлар қолмаган.

«Бунинг натижасида биз томонга олдин баҳсли бўлган ерлар: Кўк-Серек қишлоғи 105 гектар ер биз томонга ёзилди. Олабуқа туманидаги Баястан ҳудудидан 212 гектар, Қорасувга қарашли Оқтошдан 100 гектар, Ункур тоғдан 35 гектар — Ункур-тоғ тоғи тўлиқ бизга ёзилди. Қора-Белес ҳудудидан 25 гектар ер қайта бизга ёзилди. Қора-Белес олдин Ўзбекистонга берилган, энди уни қайтардик», — деди Ташиев.

Ўзбекистон билан келишувга кўра, Қирғизистонга ўтган ерлар:

  • Кўк-Серек қишлоғидан 105 гектар ер;
  • Баястан ҳудудидан 212 гектар;
  • Оқтошдан 100 гектар;
  • Кара-Белес ҳудудидан 25 гектар ер — у олдин Ўзбекистонга берилган, энди яна қайтарилди;
  • Ункур-тоғдан 35 гектар.

Бунинг ўрнига Жалолобод вилоятидаги Орто-Токой сув омбори тўлиқ Ўзбекистонга ўтказилган. Икки томонлама сўзлашувлар натижасида Қирғизистон Орто-Токойдаги 5% сувдан фойдаланишга рухсат олган.

Айрим қарорлар — масалан, Кампиробод сув омборининг (Ўзбекистонда Андижон сув омбори деб аталади) плотинаси тўлиқ ўзбек томонга ўтиши чегарага яқин жойлашган туманларнинг турғунларини норози қилган, бироқ сув ресурсларини томонлар биргаликда фойдаланади.

16 апрелдан бошлаб Кампиробод сув омборининг қирғиз томонида маҳаллий турғунларнинг норозилик акцияси ўтган — 100га яқин одам бўз уй ўрнатиб, Ташиев келиб учрашсин деган талабни айтишган.

19 апрелда Ташиев улар билан учрашиб, Тошкентга яна бир марта бориб, ер алмашиш шартларини ўзгартиришга ваъда берди.

«Мана бу вишка турган ерлар ҳам бизники. Энди бундай қилсак, ҳозир ўйлаяпман. Улар (Ўзбекистон - ред.) тўсиб олган 20 гектар ерини алмашайлик деб айтиб кўрайин. Буларга 20 гектар плотинанинг хавфсизлиги учун керак. Эллик эмас, йигирма гектарни. Майлими? «20 гектарни тўсиб, қолган ерни олинглар. Шу ерда тўхтайлик, бу томонга чиқманглар» дейин. Бунинг учун у ерга бориб, сўзлашиб, бутун протокол бузилиб кетмаслигига ҳаракат қилайин. Бу 20 гектарнинг ўрнига бошқа ердан оламиз. Тўсилган ерни алмашади. Мен шунга ҳаракат қиламан. Қолганини Оллоҳ таолонинг буйруғидан кўрамиз», — деди МХДҚ раҳбари