Мени милиция излаб, қариндошларимни қўрқитди — журналист Канат Каниметов

«Апрель» телеканалининг журналисти Канат Каниметов бир неча ҳафта олдин Балиқчидаги уйига милиционерлар излаб келишганини билдирди. Унинг айтишича, бу уйда яшаган қариндошлари таъқибдан қўрқишгани сабаб унга бу ҳақда айтишмаган.

«Улар нима учун келишганини сўроққа чақирувларни эътиборсиз қолдирганимни ва юқоридан юрган жойимни аниқлаш топшириғи берилганини айтиб тушунтиришди. Бўлмаган гапда бу. МХДҚга сўроққа мени, ўзингиз биласизлар, бир марта чақиришган, унга борганман. Бу 11 мартда бўлган экан — аниқроғи, бир ярим ой олдин», — деб ёзган у фейсбук саҳифасида.

Каниметов милиционерларнинг бири унинг қариндошини уйни тинтув қиламиз деб қўрқитиб, кейин журналист бу ерда яшамайди деган ҳужжатга қўл қўйиб беришини илтимос қилишганини қўшимча қилди. Қариндоши бош тортгандан кейин милиционерлар уни эртаси куни ТИИБга келиб тушунтириш хати ёзиб беришини талаб қилишган.

Бундан ташқари, журналистнинг айтишича, маҳаллий ТИИБнинг ходимлари Каниметов ва унинг қариндошлари ҳақида билиш учун қўшниларни сўроқ қилишган.

«Қандай асос билан тергов амаллари олиб боришяпти? Менга нисбатан, нима, иш қўзғалганми ёки мен бу ҳақда билмайманми? Мен нима жиноятчиманми? Бировни ўлдириб ёки тўнадимми? Бунинг ҳаммаси «Апрель» телеканали амалдаги ҳукумат режимини танқид қилаётгани сабаб бўлаётганини тушуняпман. Нима бўлибди? Энди кўзингизга кўринган ҳаммани шундай қисасизларми?» — деб аччиқланди Каниметов.

Иссиқкўл ТИИБдан «Клооп»нинг таҳририятига мазкур воқеа бўйича изоҳ беролмасликларини, сабаби Каниметовга нисбатан терговни Давлат хавфсизлик қўмитаси олиб бораётганини айтишди. Бироқ МХДҚ ҳозирча бу ҳақда маълумот бермади.

Каниметов ким?

Канат Каниметов — МХДҚнинг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаевга боғлиқ «Белизгейт» ишини ёритган «Апрель» телеканалининг журналисти. Журналист 11 мартда бу иш бўйича гувоҳ қатори МХДҚга сўроққа чақирилган эди. «Белизгейт» воқеаси шов-шув бўлган вақтда Каниметов КТРКда ишлаган.

Сўроқдан кейин журналист терговчи уни жиноий иш билан қўрқитганини билдирган.

«МХДҚ менинг ортимдан ковлаяпти деб тахмин қилишга барча асослар бор. Сабаби менга кўпинча айбланувчиларга ёки мақоми яқинда ўзгарадиган гувоҳларга бериладиган саволларни беришди» — деган Каниметов.

Кейинчалик Каниметов уни сўроқ қилган Хавфсизлик қўмитасининг терговчисини устидан юристлар ариза беришганини, бироқ суд уларнинг аризасини қаноатлантирмаганини маълум қилган.

«Белизгейт»

2016 йили Сегизбаев МХДҚнинг раиси бўлган вақтда президент Алмазбек Атамбаев таклиф қилган Конституцияга ўзгартиришларга қаршилигини билдирган «ата мекенчи» Текебаев, Салянова ва Шикмаматовларни «Мегаком»нинг акцияларига эгалик қилишади деб билдирган.

Далил қатори у Марказий Америкадаги Белиз давлатидан келган ҳужжатни кўрсатган. Бу жанжал тарихга «Белизгейт» деб кирган.

Депутатларнинг ўзлари ҳужжатни «жуда қўпол қалбакилаштириш» деб атаб, Сегизбаевни судга беришган, бироқ судда енгилиб қолган. Сегизбаевнинг ўрнига МХДҚнинг раҳбарлигига Идрис Кадиркулов келгандан кейин Белиздаги ҳужжатлар махсус хизматга келмагани маълум бўлган. 2021 йили Абдил Сегизбаевни «Белизгейт» бўйича жавобгарликка тортиш ҳаракати ҳақида маълум бўлган — бу вақтда МХДҚнинг собиқ етакчиси Садир Жапаров билан жанжаллашишга улгурган, у Жапаровни президентлик сайловида қаттиқ танқид қилган.