Абхазия машиналари: Автомашина эгалари яна митингга чиқиб, уларни рўйхатга олишга ёрдам сўрашди

Абхаз рақамли автомашиналарнинг эгалари 19 апрелда яна митингга чиқишди «Апрель» ахборот агентлигининг маълумоти бўйича, 100га яқин одам ҳукумат уйи олдига йиғилиб, премьер-министр Улукбек Марипов чиқишини талаб қилишди.

Видео: «Апрель».

Митингчилар автомашиналар устига Садир Жапаровга мурожаатлари ёзилган плакатларини илиб, абхаз машиналарини рўйхатга олиш муаммосини ҳал қилиб беришни сўрашмоқда.

Кейинчалик ҳукумат уйи олдига милиция ходимлари келиб, йиғилганларни овоз сигналини босмасликка чақиришди, акс ҳолда митинг тинч йиғилиш деб ҳисобланмаслигини тушунтиришди.

Абхазиядан келган автомашиналарнинг нима носозлиги бор?

19 мартда махсус рейд асосида Абхазия рақамлари илинган ва қирғиз фуқаролари бошқариб юрган 10га яқин машина қамоққа олингани ҳақида Божхона хизмати билдирган.

Шу куни Абхазиядан келган машиналарнинг ҳайдовчилари Бишкек шаҳридаги марказий майдонга митингга чиқишган. Йиғилган 50га яқин одам ҳукуматдан машиналарни рўйхатга олишни талаб қилишган.

21 март куни Давлат божхона хизмати Абхазия республикасида рўйхатда бўлиб, Қирғизистонга олиб келинган машиналарни сотиб олмасликка, божхона рухсати ва Қирғизистонда биринчи рўйхатисиз фойдаланмасликка чақирган.

Божхона хизматининг маълумоти бўйича, машиналарни Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳудудига олиб келиб, божхона рўйхатидан ўтказмай, тегишли бож тўловларини тўламай туриб, эксплуатациялаш ноқонуний, жиноий жавобгарликка тортилади. Бу ҳаракатлар бажарилмагунча машиналар вақтинча сақлаш учун божхона назорати ҳудудига киритилиши керак.

23 мартда абхаз рақамлари илинган машиналарнинг 80га яқин эгаси ҳукумат уйи олдига митингга чиқишган. Улар ҳукуматдан Қирғизистонга киритилган машиналардан фойдаланишга рухсат беришни талаб қилишган.

30 мартда бу машиналарни минишга рухсат берилган, бироқ рўйхатга қўйиш масаласи ҳал қилинмаган.

Абхазия Республикаси — ўзини мустақил деб эълон қилган республика, де-юре Грузиянинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Унинг мустақиллиги дунёнинг бир нечта мамлакатида, унинг орасида Россияда тан олинган. Қирғизистон унинг мустақиллигини тан олган эмас.

Бундан ташқари, Абхазия бирор бир халқаро реестрда йўқ, шу сабаб ўлкадан келган автомашиналарни Қирғизистонда рўйхатга олиш деярлик мумкин эмас.

Асосий саҳифадаги сурат: «Апрель».