Камчибек Ташиев: Бугунги кунда Матраимовни жавобгарликка тортишга асос йўқ

265
Камчибек Ташиев/Райимбек Матраимов

МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг журналистик суриштирувларида кўрсатилган чет ўлкадаги мулклари тасдиқланмади деб билдирди.

Ташиев Матраимовларнинг чет ўлкада мулки бор-йўқлигини текшириш учун МДҲ давлатларига, Бирлашган Араб Амирлигига ва Хитойга сўровнома юборилганини, бироқ уларда расмийлаштирилган «мулк топилмаганини» айтди.

«Барча давлат органлари томонидан Матраимовнинг ва оила аъзоларининг чет давлатларида ўзига расмийлаштирилган мулки йўқ деган қоғозлар келиб тушди бизга [...] Охирги жавоб бир ҳафта олдин Дубайдан келди», — дейди у.

Ташиев шу сабаб «инсон ҳуқуқи деган бор» деб, «асос бўлмаса одамни бекордан-бекорга одамни ушлаб турмаймиз» деб билдирди.

«Одамни бекордан-бекорга ушлаб, қамоқда ўтирганига эртага биз ҳам жавоб беришимиз керак. Агар бирор бир давлатдан бизга “мулки бор” деган жавоб келганда, биз албатта ўша ерга ходимларимизни юбориб, бойликларини олиб, шу асосида бу одамни жавобгарликка тортсак бўларди. Бугунги кунда Матраимовни жавобгарликка тортишга асос йўқ бўлгани учун уни қўйиб юборишга мажбур бўлдик», — деди Ташиев.

Шунингдек, Райимбек Матраимов билан бирга айбланган 40га яқин божхоначининг 15га яқини турли суммадаги пулларни тўлаб чиққанини билдирди.

«Турлича пул тўлашди: 5 миллиондан тўлагани бор, 20, 50 миллиондан тўлагани бор. Айблари аниқлаган даражада пул тўлаб чиқишди», — деди у.

МХДҚ раҳбари журналистнинг «Матраимовнинг мулки йўқлигига ўзингиз ишонасизми» деган саволига «мен расмий ҳужжатларгагина ишонаман» деб жавоб қайтарди.

Бундан ташқари, депутат Дастан Бекешевнинг ҳукумат Матраимовлар билан келишиб олган деган танқидига «депутат оғзига келганини айтаверади» деди.

Матраимовни қайта ушлаб бўшатилиши

15-апрелда МХДҚ Матраимовга нисбатан қўзғалган жиноий ишни қисқартириб, уни қамоқдан чиқарди. Махсус хизмат буни Матраимовнинг ва унинг яқинларини мулки топилмагани билан тушунтирди.

Шунингдек махсус хизмат Матраимов баҳаоси 20 млн сомдан юқори бўлган квартирани ўз ихтиёри билан давлатга ўтказиб берганини айтди.

Матраимов МХДҚ томонидан «жиноий даромадларни легаллаштиришда» айбланиб, 18-февралда қўлга олиниб, суд уни икки ойга қамоққа олишга қарор қилган эди.

Махсус хизмат собиқ божхоначига нисбатан терговни бошлашга унинг Дубайдаги мулклари ҳақида «Клооп», «Азаттык», Bellingcat ва OCCRP тайёрлаган текшируви асос бўлганини таъкидлаган.

Райимбек Матраимов ким?

Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқарилган 700 млн доллардан ортиқ маблағи ҳақидаги журналистик суриштирувининг асосий фигурантларидан бири.

Қирғизистонда кўп йиллар давомида республика ҳудудидан контрабанда ташиб ўтишга йўл берган коррупция схемаси ишлаб келган. Бу ишларнинг бошида собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан бирга суратга тушган ва собиқ президент Жээнбековнинг қасамёд маросимига қатнашган бизнесмен Хабибулла Абдукадир турган.

Суриштирувда журналистлар бу контрабанда схемаси борлигига далил келтиришган, манбаларнинг бири Аеркен Саймаити бу қандай ишлашини айтиб берган.

Шунингдек божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияни яширганини, бу ўз навбатида яширин бизнес фаолиятини таъминлаганини билдирган.

Саймаити журналистларга ҳужжатларни топшириб, шахсан ўзининг ёрдами билан Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ пул чиқариб кетилганини айтган. Кейин финпол бу маълумотни тасдиқлаб, бу суммани млрддан ошади деб билдирган. Саймаити суриштирув чиққандан кейин 2019 йилнинг ноябрь ойида Истанбулдаги кафеларнинг бирида ўлдирилган.

Қирғизистонда ҳукумат алмашгандан кейин МХДҚ Матраимовни ўтган йилнинг 20 октябрда ушлаган. Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Матраимов ва бошқа хизмат ходимлари 2016 йилдан бери давлат божхона тизимида коррупция схемасини тузиб ишлаб келишган.

Бироқ шу куни Матраимов уйига чиқарилгани маълум бўлган. МХДҚ собиқ божхоначи тергов билан шартнома тузиб, 2020 йилнинг охиригача давлат ғазнасига 2 млрд сом тўлаб беришни ваъда қилганини билдирган.

24 декабрда МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов давлатга 2 млрд сом зарарни тўлиқ тўлаб берганини билдирган. Бу сумманинг кўпини аниқроғи, 1,4 млрд сомни Матраимов Молия вазирлигининг махсус ҳисобига ўтказган, қолганини савдо маркази ва 9 уй турида берган.

Жорий йилнинг 11-февралида Бишкектин биринчи май туман суди Матраимовни «Коррупция» моддаси бўйича айбдор деб топган. Матраимов суд залида божхонадаги коррупция схемасини тузганини тан олган. Бироқ унга 260 минг сом жарима солиниб, суд залидан озод қилинган. Шунингдек, суд унинг кўчмас мулкларини ва банк ҳисобларини қамоқдан чиқарган. Бунга Матраимов тергов билан ҳамкорлик қилиб, келтирилган зарар ўрнини тўлдиргани асос бўлгани маълум қилинган.

АҚШ Матраимов ва унинг турмуш ўртоғи Аманда Тургуновани «Магнитский рўйхати»га киритган. АҚШ давлат департаменти ва Молия вазирлиги буни Матраимовнинг коррупция схемаларга аралашгани ва Қирғизистондан камида 700 млн АҚШ долларини олиб чиқиб кетиш схемасига бевосита қатнашгани билан тушунтирган. Кўп ўтмай Тургунова фамилиясини Сулаймановага ўзгартирган.

* Магнисткий рўйхати —жиноятчилар ва коррупционерлар киргизилган санкция рўйхати. У солиқларни ноқонуний қайтариш орқали бюджет маблағларини ўғирлаш ҳақида айтиб бергандан кейин қўлга олиниб ҳамда вафот этган россиялик аудитор Сергей Магнитскийнинг номи билан аталган.