Ўш: Ўқувчилардан коронавирус аниқлангани сабаб икки мактаб масофадан ўқитади

350
Ўш шаҳри

Ўш шаҳридаги «Жетиген» ва «Олимп» мактаблари 15-апрелдан бошлаб икки ҳафтага карантинга ёпилди. Ўқувчилар билим олишни онлайн давом эттиришади. Бундан бир кун олдин мазкур мактабнинг биттадан ўқувчисида COVID-19 аниқланган.

«Бу қарор Ўш шаҳар мэриясига қарашли эпидемияга ва эпизоотияга қарши фавқулодда ҳолат комиссиясининг йиғинида қабул қилинди. мутахассислар касаллик тарқалишини олдини олиш мақсадида мактабларни ёпишни маъқул кўришди», — дейди Ўш мэриясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров.

Аввалроқ коронавирус аниқланган ўқувчилари билим олган мактабнинг синфлари карантинга олингани айтилган эди. Шунингдек, касаллик юқтирганлар туғишганлар экани маълум бўлган. Улар касалликни ота-онасидан юқтирган. Ўқувчилар симптомлар бошланганда дарсга келишмаган.

Касаллик юқтирган болаларнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда. Ўқувчилар билан алоқада бўлганларнинг ҳаммаси коронавирусга текширилади.

14-апрелга кўра ўлкада COVID-19нинг янги 240 ҳолати аниқланди. Улардан бештаси Ўш вилоятида экани маълум бўлди. Қирғизистонда COVID-19 инфекциясини юқтирганларнинг умумий сони 90 839га етди. Касалликдан 86 313 бемор соғайиб, 1 534 киши вафот этган.