Атамбаевнинг соғлиғини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланди

268

Бишкекнинг Биринчи май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг соғлиғи қандай эканини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинлади. Бу ҳақда КСДПнинг вакили Кундуз Жолдубаева билдирди.

Тегишли қарорни 14 апрелда судья Азирет Медеров «Қўйтош воқеаси» бўйича суд жараёнида қабул қилди. Жолдубаева суд мажлиси экспертизанинг натижаси чиққунча тўхтатилганини қўшимча қилди.

Шунингдек, КСДПнинг вакили мажлисга гумондорларнинг бири, собиқ депутат Равшан Жээнбеков келмаганини билдирди — у коронавирус юқтириб олгани тахмин қилинмоқда.

Қўйтош воқеаси

2019 йилнинг 7-8 август кунлари куч органлари собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш учун унинг уйини штурмга олган. Бунгача ички ишлар вазирлиги Атамбаевни криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатилиши ҳақидаги иш бўйича гувоҳ қатори уч марта сўроққа чақирган, бироқ у келмаган.

Штурмнинг биринчи куни 7 августда, Атамбаевнинг тарафдорлари МХДҚнинг олти ходимини тутқунга олган. Шунингдек, штурм вақтида спецназ Усўнбек Ниязбеков ўқдан ҳалок бўлиб, Чуй ВИИБнинг раҳбари Самат Курманкуловнинг бошига тош тегиб, жароҳатланган.

Бир йилдан ортиқ вақтдан кейин Курманкулов генерал-майор мақомига эга бўлган.

8 августда Атамбаев ушланиб, МХДҚга етказилгандан кейин унинг юзлаган тарафдорлари Ала-Тоо майдонига чиқишган. Марказий майдонга борган ҳуқуқ тартибот органлари митингчилар билан тўқнашиб, уларни куч билан тарқатишган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Ҳукуматни куч билан босиб олиш», «Оммавий тартибсизликларни уюштириш», «Одамларни гаровга олиш», «Одам ўлдириш», «Одам ҳаётига хавф солиш» ва «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» моддалари бўйича бир неча судгача текширувни бошлаган.

Атамбаев, Жолдубаева ва Жээнбековдан ташқари бу ишнинг фигурантлари қатори депутатлар Ирина Карамушкина, Асел Кодуранова, собиқ депутат Мээрбек Мискенбаев, президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов, давлат назоратининг собиқ ходими Канат Сагимбаев ва бошқалар ўтмоқда.

Ҳозирда Атамбаев, Мискенбаев ва Ниязов тергов қамоғида қолмоқда, қолган гумонланувчилар уй қамоғига чиқарилган.