Сузоқ: 18 ёшдаги қизни ўғирлаб, ярим йўлга ташлаб кетганлар қидирилмоқда

37

Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида 12 апрель куни 18 ёшдаги қизни оила қуриш учун мажбурлаб ўғирлаб, йўлда тушириб юборган тўрт киши қидирилмоқда.

ВИИБнинг матбуот котиби Нурдин Жээнтаевнинг айтишича, қизнинг «Бека» исмли таниши шериклари билан уни тунги соат 21:30лар атрофида уйининг олдидан ўғирлаган.

Жалолобод шаҳрининг Дача участкасига етганда қизга «турмушга чиқасанми ёки қоласанми» деб савол берган. Қиз қаршилик кўрсатгандан кейин уни машинадан тушириб, номаълум томонга кетишган.

«Шундан сўнг милиция билан отаси бориб қизни олиб келган. Қизнинг кўрсатмаси билан гумондорларнинг шахси аниқланган», — деди Жээнтаев.

Воқеа бўйича «Азаттык»нинг мухбири Талгат Бакиев ҳам хабар қилиб, «гумонланувчилар қизни ўғирлаганда ёнидаги бошқа қизни машина билан уриб кетганини» билдирди. Шунингдек, у «жабрланувчининг отаси милицияни бир соатдан бери кутиб ўтирибди» деб ёзган.

«Жабрланган қиз юзи билан оёғи тилиниб уйида ўтирибди … Милиция ака қаердасиз», — деб савол берган у.

Жээнтаев Бакиевни ўғирлашга ҳаракат қилганлар «бошқа қизни уриб кетди» деган маълумотини инкор қилди. Шунингдек қиз яшаган ҳудуд вилоятга қарашини, унинг яқинлари эса шаҳар милициясига мурожаат қилишганини айтди.

«Улар ШИИБга қўнғироқ қилаверишган. У ердан ТИИБга хабар берилиб, шундан сўнг ходимлар боришди», — деди Жеэнтаев.

Мазкур факт «Одамни оила қуриш мақсадида ўғирлаш» моддаси билан рўйхатга олиниб, судгача текширув бормоқда.

Айзаданинг ўлими ва олиб қочишга қарши митинглар

5 апрель куни Бишкекда 27 ёшдаги Айзада Канатбекова бир неча киши томонидан ўғирланган. Воқеа видео кузатув камераларига тушган — унда Айзаданнинг нига бир киши келиб, уни куч билан машина томон олиб кетганини кўриш мумкин.

Қизнинг ёнида яна икки киши бўлиб, мажбурлаб қизир рангдаги «Хонда Сивик» русумидаги автомашинага солишган. Шундан кейин машина номаълум томонга ҳаракатланган.

Икки кундан кейин, 7 апрелда Чуй вилоятининг Аламудун туманидаги Арашан ва Чокморов қишлоқларининг ўртасидаги далада мол қайтарган чўпон Канатбекова ўғирланган «Хонда Сивик» автомашинасини кўрган. Чақирув жойига келган милиция ходимлари машинанинг ичида ўлдирилган Айзадани топишган. Автомашинанинг ичида қизни ўғирлаган Замирбек Тенизбаевнинг ўлиги ҳам бўлган.

Дастлабки маълумотлар бўйича, Тенизбаев Айзадани футболка билан бўғиб ўлдириб, кейин ўз жонига канселяр пичоқ билан қасд қилган.

Айзаданинг ўлими жамиятда резонанс яратиб, Бишкек ва Ўш шаҳарларида марҳумнинг ҳурматига зўравонилкка қарши митинг ўтган. Кўпчилик ИИВнинг раҳбари Улан Ниязбековни ва Бишкек ШИИБ етакчиси Бакит Матмусаевнинг истеъфосини талаб қилишган.

Айзаданинг яқинлари ҳам милиционерлардан норози бўлиб, уларга чора кўрилишини талаб қилишган. Қизнинг онаси Назгул Шакенованинг айтишича, терговчилар «хавотир олманглар, аччиқбосар келади, тўй ейсизлар» деб айтган. Марҳумнинг яқинлари гумондор Айзадани олдин ҳам ўғирлашга ҳаракат қилиб, ортидан таҳдид қилиб юрганини маълум қилишган.

Шакенованинг айтишича, у Биринчи май ТИИБига ариза билан мурожаат қилганда, бола қизининг ортидан юрганини ва унинг «руҳий соғлиғидан гумон қилаётганини» ҳам билдирган. Бироқ шунга қарамай, вақтинча чора кўрилмаган деб ҳисоблайди.

Кейинчалик Канатбековани ўғирлашда иштироки бор деб гумон қилинган тўрт киши қўлга олинган. Шунингдек, прокуратура милициянинг ҳаракатларини текшира бошлаган. 10 апрелда ИИВнинг 12 ходими ишдан бўшатилиб, яна 32си жазоланди — Бишкек ШИИББининг етакчиси Бакит Матмусаев ва Тергов хизматининг бошлиғи Нурлан Утемисов бор.