Бишкекда шифокорларга бўлган босим бўйича судгача тергов бошланди

206
Бактигул Исмаилова

Бишкек шаҳрининг Ленин туман Ички ишлар бошқармаси шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасининг етакчиси Бактигул Исмаилованинг тиббиёт ходимларига босим ўтказиш факти бўйича судгача текширув ишларини бошлади. Исмаилова овоз беришга келган одамлар сонини кўпайтириш мақсадида тиббиёт ходимларидан сайлов участкаларига келишини талаб қилгани маълум бўлган.

Милициядан билдиришларича, мазкур факт Ленин туман ИИБи ЖУРга рўйхатга олиниб, Ахлоқий қоидалар ҳақидаги кодекснинг «Маъмурий ресурсдан фойдаланиш» моддаси бўйича судгача текширув бошланди.

Тиббиёт ходимларини овоз беришга мажбурлаган

№17 ОШМнинг бош шифокори Гулнара Ташибекованинг айтишича, бу вақтгача Исмаилова референдумда овоз бериш учун ходимларга босим ўтказганини билдирган. Бош шифокорнинг айтишича, ҳар икки соат сайин WhatsApp гуруҳида шифокорлардан овоз беришга бориб-бормагани бўйича ҳисоб бериши талаб қилинган.

«Бу умуман бизнинг вазифамизга кирмайди. Биз тиббий ёрдам кўрсатамиз, ташхис қўямиз, даволаймиз. Сайловга бориш ёки бормасликни — бизга умуман алоқаси йўқ. Бу ҳар бир ходимнинг ўзини иши. [...] Бу ҳақда ҳеч қандай буйруқ йўқ. Уни бизга кўрсатма беришга ҳуқуқи йўқ», — деди Ташибекова.

Исмаилова ўз навбатида ҳеч кимга босим ўтказмаганини, фақатгина ҳар бир одамни ўз фуқаролик вазифасини бажаришга чақирганини билдирди.

«Медиклар ҳар бир овоз кўп нарсани ҳал қилишини билишади. Ҳозир ҳеч кимни мажбурлаб овоз бердира олмайсан? Ҳеч кимни қистамади. Ҳа, ҳақиқатдан ҳам биз сайлов участкаларига бориб, овоз берганлар сонини таъминлаб беришни сўраймиз. Бишкек одатдагидай овоз берганларнинг сони бўйича кам кўрсаткич беради. Шу сабаб, биз, медик қатори ўз фуқаролик мажбуриятларимизни бажаришимиз керак [...] Мен у ёки бу партияга овоз беринглар деб ташвиқот қилмадим. Бироқ тегишли овоз берганлар сонини таъминлаш учун тиббиёт ходимларидан сайловга келишга чақиришга ҳуқуқим бор», — деб таъкидлади у.

Қирғизистонда 11 апрелда маҳаллий кенгашларга сайлов ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтган. МСК билдиришича, референдум ўтди. 11 апрелда соат 20:30га кўра овоз беришга келганларнинг сони 35,9%ни ташкил қилди — референдум ўтди деб тан олиниши учун сайловчиларнинг 30%и қатнашиши керак.

Дастлабки маълумотларга кўра, (АСУдан келиб тушган маълумотларнинг 90% ишлаб чиқилгандан кейин): Конституцияни ўзгартиришга 79, 31% сайловчи маъқуллиб берса, 13,65% қирғизистонилклар қарши бўлишган.