Президент Садир Жапаров 7 апрель — Апрель халқ революцияси куни муносабати билан мурожаат қилди. Жапаров ўз сўзида «жамият билан ҳукумат ўртасидаги узоқ вақт давомида ҳал бўлмаётган қарама-қаршилик» 2010 йили ҳукуматнинг сиёсий режимини қулатилишига сабаб бўлганини билдирди.
«Адолатлиликка, холисликка — халқимизни тўлқинлантирган, революцияга олиб келган асосий куч. Март инқилоби мақсадига етмагани сабаб, Апрель революцияси бўлди» — деди Жапаров.
Президентнинг айтишича, 2010 йили 7 апрелда норозилик билдирган фуқаролар Оқ уйнинг олдига ўз сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун борган, бироқ ҳукуматни халқдан узоқлашгани билинди.
«Апрель революциясининг энг асосий натижаси давлат ривожланишидаги демократик йўлни танлаб олиниши бўлди. Революциянинг яна бир сабоғи — ҳукуматни куч ишлатиб, қон тўкиш йўли билан эмас, аксинча, тинчлик йўли билан қонун доирасида, адолатли сайлов орқали мустаҳкамлаш кераклигини кўрсатган» — деб ҳисоблайди Жапаров.
Жапаров ўз сўзида қаршилик акциялари вақтида ҳалок бўлганларни хотирлади.
«Апрель воқеаларида халқимизнинг жасур ўғлонларидан айрилдик. Орадан қанча вақт ўтса ҳам, шаҳид бўлган Апрель қаҳрамонларининг қайғуси ҳеч қачон унутилмайди. Ботир ўғилларимизнинг ёрқин хотираси абадий яшайди» — деди Жапаров.
2010 йилнинг 7 апрелида Қирғизистонда халқ ҳукуматга қарши кўтарилиб, бунинг натижасида ўша вақтдаги президент Курманбек Бакиев тахтдан қулатилган. Бакиев оилавий клан бошқарувини тузганликда айбланса, оила аъзолари рейдерлик босиб олишлар, рақиблари ва журналистларнинг ўлимида айбланган.
2010 йили 7 апрелда норозилик акциясига қатнашганларга қарши қурол ишлатилиб, 80дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Қирғизистоннинг иккинчи президенти Курманбек Бакиев оиласи билан аввалига республиканинг жанубига кейин эса Беларусга қочган. Қирғизистонда Бакиевга ва унинг клани аъзоларига нисбатан жиноий иш қўзғалган. Курманбек Бакиев сиртдан 30 йилга кесилган, ундан 25 йилини кучайтирилган режимдаги колонияда ўташи керак бўлган. Унинг укаси – давлат назорати хизматининг собиқ етакчиси Жаниш Бакиевни умрбод озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқарилган.
Шунга қарамай Беларус президенти Александр Лукашенко Бакиевларни Қирғизистонга ўтказиб беришдан бош тортган.