2 апрелда президент Садир Жапаров миллий хавфсизлик қўмитасига 2010 йилдаги июнь воқеаларига боғлиқ материалларни текшириб чиқиш топшириғини берди. Унда ўлканинг жанубида юзлаган фуқаролар ҳалок бўлиб, минглаб одамлар жабрланган. Бу ҳақда президент аппаратининг матбуот хизмати билдирди.
«Олиб борилган ишлар натижасида давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақида тўлиқ маълумот бериш, шунингдек қонунийлик ва холисликни сақлаш билан тегишли қарорларни қабул қилиш топширилди», — деб айтилади билдирувда.
Бунгача июнь воқеалари қайта текширилиши керак деган фикрни 2010 йили вақтли ҳукуматни бошқариб турган собиқ президент Роза Отунбаева айтган.
Унинг айтишича, июнь воқеалари атайлаб уюштирилган, кў ҳўп кучлар бундан манфаатдор бўлган — айниқса наркотрафик, криминал кучларнинг манфаати бу ерда зўр бўлган.
Бош прокуратуранинг 2020 йилдаги маълумотига кўра, ўлканинг жанубидаги этник тўқнашувдан 10 йил ўтиб 5,5 мингдан ортиқ жиноий иш қўзғалган. Бироқ фақатгина 360 иш фош қилиниб, 4 мингга яқин жиноий ишлар тўхтатилган.
Этник тўқнашув
10 июндан 14 июнгача Ўш ва Жалолобод шаҳарларида этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида жанжал чиққан — ўша кунлари Ўш билан Жалолобод кўчаларида комендантлик соати ва фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Минглаган бинолар ёқилиб, ҳарбий ходимлар билан милициянинг қурол-яроғлар билан махсус техникаси босиб олинган.
Июнь воқеаларини текширган Килюненнинг халқаро комиссиясининг маълумотига кўра, вафот этганлар сони 470 кишига етган. Уларнинг орасидан 74% ўзбеклар, 25% қирғизлар, бир фоизни эса бошқа этник гуруҳ вакиллари бўлган. Ҳалок бўлганларнинг 67%га яқини ўқдан яраланган.
«Бу воқеаларда минглаган одамлар жароҳатланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1900 кишига касалхоналарда тиббий ёрдам кўрсатилди деб айтишди. Бироқ жабрланганларнинг сони бундан анча кўп бўлиши мумкин. Шифохоналардаги айрим тиббий ёрдамлар қайд этилмаган», — деб айтилади комиссиянинг ҳисоботида.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига таянсак, Қирғизистон жанубидаги 2010 йилнинг июнь ойидаги жанжалда 426 киши ўлиб, мингдан ортиқ одам жароҳатланган, моддий зарар 2,2 млрд деб баҳоланган.