ТИВ вакилининг ўлими. Она ва болани ҳимоя қилиш марказининг етакчилари ҳамда шифокори хизматдан четлатилди

268

ТИВнинг вакили Бахтияр Шакировнинг ўлими сабаб Она ва болани ҳимоя қилиш марказининг директори, бош шифокор, қулоқ-бурун бўлимининг раҳбари ва ҳамшираси ишдан вақтинча четлатилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан (ССВ) билдиришларича, 1 апрелда Шакировнинг ўлими бўйича хизмат текширувини олиб борувчи комиссия тузилди. Текширув натижасида айбдорларга нисбатан тегишли чора кўрилади.

Бундан икки кун олдин Ташқи ишлар вазирлигининг Консул хизмати департаментининг директор ўринбосари Бахтияр Шакиров вафот этган. У 38 ёшда эди.

Шакиров ўлимидан олдин Она ва болани ҳимоя қилиш миллий марказида гайморитга қарши антибиотик олган. Бу ҳақда «Кактус Медиа» нашрига марказда марҳумга укол қилган ҳамшира айтган.

Ҳамширанинг айтишича, Шакиров иш вақти тугаганда унга телефон орқали боғланиб, тез орада укол олиши кераклигини айтган. У марказга 1 апрелга ўтар кечаси келиб, ўзи билан бирга врачнинг гайморитга қарши ёзган қоғоз бўйича дориларни олиб келган. Шунингдек, марҳум бу дориларни олдин ҳам олиб юрганини айтган.

Ҳамшира олдин томчи дори қуйиб, кейин антибиотик қўшган. Унинг айтишича, антибиотик яримлаб қолганда Шакиров ўзини ёмон ҳис қилган. Унга дексаметазон қилиб, жонлантириш чоралари кўрсатилишига қарамай Шакиров вафот этган.

Республика иммунопрофилактика марказининг директори Гулнара Ишенаписованинг айтишича, Шакиров Она ва болани ҳимоя қилиш миллий марказидан «Сефтриаксон» антибиотикни олгандан кейин унда аллергик реакция пайдо бўлган.

Шакиров коронавирусга қарши эмланган эмас

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Елена Баялинова фейсбук саҳифасига Шакиров коронавирусга қарши вакцина олгандан кейин ўлганини ёзган. Вазирликдан эса мазкур маълумотни рад этишган.

Кейинчалик Баялинова яна видео мурожаат орқали тасдиқланмаган маълумот тарқатганини билдирди.

«Оғир кун бўлди. Мен ўлган одамнинг яқинларининг маълумотини охиригача текширмай, фейсбукка ёзиб юборганимни тан оламан. Бу нарса Хитой билан Қирғизистоннинг қўшничилик муносабатларига ҳам таъсир қилишини англаяпман. Нима бўлганда ҳам тиббий аралашув натижасида бир одам бу дунё билан хайрлашди», — деган у мурожаатида.

Шунингдек у Хитой элчилиги «Шакиров вакцина олгандан кейин ўлди» деган маълумотга жавоб қатори расмий билдирув берди.

«Айрим одамларнинг бундай фейк маълумот тарқатиши Хитой билан Қирғизистоннинг фақат дўстлигига таъсир қилмасдан, марҳумга нисбатан ҳақорат ҳисобланади», — деб ёзилади билдирувда.

19 мартда Қирғизистонга Хитойнинг Sinopharm вакцинасидан 150 минг доза келган. Хитой вакцинаси 75 минг одамга мўлжалланган. Ўн кундан кейин ўлкада COVID-19га қарши эмлашнинг биринчи босқичи бошланган.