МСКнинг етакчиси Ўш прокуратураси қонунбузарликларга чора кўрмаётганини айтди

285

Марказий сайлов комиссиясининг раисаси Нуржан Шайлдабекова 30 мартда Ўш шаҳрида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари сайловга боғлиқ қонунбузарлик фактларини текширмаётганидан норози бўлди.

Шайлдабекова айниқса, Ўш шаҳар прокуратураси айрим номзодларга «босим» бўлган фактларга эътибор бермаётганини таъкидлаган. МСК раисасининг айтишича, Ўш шаҳар кенгашига беш номзод сайлов сабаб ишдан бўшатилган.

*Бу ерда Ўш шаҳар кенгашига отланган «Улуттар биримдиги» партиясининг номзодлари ҳақида сўз бўлмоқда.

Ўш шаҳар прокуратураси бу бўйича тушунтириш бериб, назорат органи «ҳудудий сайлов комиссиясидан келиб тушган ҳар бир ариза ва материалга тез орада ва объектив чора кўрилаётганини» маълум қилди.

Прокуратуранинг билдирувига кўра, мазкур ходимлар номзод бўлиб рўйхатга олингунча «ўз истаги билан ишдан» кетган. Шунингдек, прокуратура номзодларга нисбатан Ўш шаҳар мерияси маъмурияти томонидан босим кўрсатилмагани аниқланмаганини қўшимча қилди.

Бундан ташқари, Ўш прокуратураси ҳудудий сайлов комиссиясидан 11 мурожаат тушганини хабар қилиб, икки факт бўйича «Овозларни сотиб олиш» моддаси билан судгача текширув очилганини билдирди. Яна бир иш Ўш милициясига юборилиб, қолган саккиз иш «жиноят аломатлари йўқлиги» сабаб қисқартирилган.

«Шу сабаб [...] МСКнинг раисаси Нуржан Шайлдабекова томонидан маълумот нотўғри билдирилганини ва сайлов процессидаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан бажарилаётган иши ҳақида жамоатчиликда салбий фикр яратишини таъкидлаймиз», — деб билдиришди прокуратурадан.

Шайлдабекова қайси беш ходим ҳақида айтмоқда?

Бунга қадар МСКнинг тезкор чора кўриш гуруҳига «Улуттар биримдиги» партиясининг тўрт номзодлари ва штаб раҳбари мурожаат қилиб, маҳаллий ҳукумат томонидан босимга учраганидан шикоят қилишган.

Олдин ариза билан Ўш шаҳрининг давлат рўйхатга олиш хизматининг техник хавфсизлик бўйича собиқ мутахассиси Иличбек Таиржан ўғли мурожаат қилган. Таиржан ўғли давлат рўйхатга олиш хизматининг Ўшдаги бошқармасининг раҳбари Иляз Сансизбаев уни сайловга «Улуттар биримдиги» билан қатнашганини билиб, хизматдан бўшатганини хабар қилган.

Кейинчалик яна икки номзод Ўш шаҳар мерияси аппаратининг раҳбари Жалил Осмонов томонидан босимга учраб, хизматдан кетишганини маълум қилишган. Улар: «Керме Тоо-3» маҳаллий кенгашининг собиқ раисаси Нурила Самиева ва «Манас ата» МТУсининг собиқ етакчиси Азизбек Жээнбеков.

Шундай ариза билан №4 квартал қўмитасининг раиси Хасан Ахмедов ҳам мурожаат қилиб, «Туран» МТУнинг раиси Равшан Мирзабаев уни ишдан кетишга мажбурлаганидан шикоят қилган.

Шунингдек МСКга «Курманжан Датка» МТУнинг квартал қўмитасининг собиқ раиси Т. Рахманбердиев мурожаат қилган — у «Улуттар биримдиги» штабининг етакчиси. Рахманбердиевнинг айтишича, у мазкур партияда ишлагани учун №6 МТУнинг раҳбари В. Фаизова уни ишдан кетишга мажбур қилган.