Қамчибек Ташиев: Матраимов бир ҳафтадан кейин ўзига келиши керак

326
Райимбек Матраимов

МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев 26 мартдаги матбуот анжуманида божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бир ҳафтадан кейин ўзига келишини билдирди. Матраимов ҳозир «Бикард» хусусий клиникасида даволанмоқда.

«У ҳақда ҳар куни маълумот олиб турамиз. У юрагини коронарография қилдирди. Коронарографиядан кейин бир ҳафтадан кейин ўзига келиши керак. Битиб қолса керак. Мени ҳозир вақтим бўлмаяпти, ҳар томонга югуряпман. Кеча тунда учиб келдим, бугун ҳозир Баткенга кетяпман, вақтим бўлмаяпти. Яқин орада коррупционерлар билан шуғулланаман, кўпчилик қамалади», — деди Ташиев.

Райимбек Матраимов «Жиноий қўл билан топилган даромадларни қонунийлаштириш»да гумон қилиниб, МХДҚ томонидан 18 февралда қамалган. Аввалроқ у божхонадаги коррупция бўйича айбдор деб топилиб, 260 минг сом жарима солинган.

Бир ҳафтадан кейин Матраимов махсус хизматнинг тергов изоляторидан касалхонага ётқизилган. ОАВлари собиқ божхоначида гипертония аниқланганини ёзишган.

МХДҚ бу маълумотни деярли бир ой тасдиқламаган. Кейинчалик қўмитанинг матбуот хизмати Матраимов «Бикард» хусусий клиникасига ётганини тасдиқлаб, уни МХДҚнинг ходимлари қўриқлашаётганини билдирган.

Матраимов ким?

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом чиқариб кетилганини исботлашган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.

11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.

18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларни қонунийлаштиришга боғлиқ янги иш асосида қўлга олинган. У икки ойга тергов қамоғига киритилган.

Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.