Ташиев коррупционерлар ҳақида: «Тўласа — қўйиб юборамиз, тўламаса — мажбурлаймиз»

288

Миллий хавфсизлик давлат хизматининг раиси Камчибек Ташиев у ёки бу амалдорнинг қилган коррупция ишларининг зарари ҳисобланиб, у жавобгарликка тортилишини 26 мартда ўтган матбуот анжуманида билдирди. Бундан ташқари, коррупция ва ноқонуний бойишда гумон қилинган амалдорлар бюджетга келтирган зиённи тўлагани учун бўшатилаётганини маълум қилди.

«МХДҚда мен борман, демак МХДҚнинг бирорта ходими коррупционерлардан пора олмайди. Биз коррупционерларни нима қилишимиз керак? Коррупциянинг зарарини ҳисоблаб, жавобгарликка тортамиз. Кейин улар келтирган зарарни тўлаганда, биз уларни тергов билан ҳамкорлик қилиш келишуви асосида қўйиб юборамиз. Бошқа йўли йўқ. У тўласа қўйиб юборамиз тўламаса — мажбурлаймиз», — деди Ташиев.

Шунингдек, Ташиев МХДҚнинг тергов қамоғида 70 ўрин борлигини айтиб, кўпчиликни қамаб бўлмайди деб қўшимча қилди.

«4 млрд сом йиғдик»

Камчибек Ташиевнинг айтишича, МХДҚ коррупцияда айбланган амалдорлардан 4 млрд сомга яқин пул ундирди.

«Ҳозир 4 млрд сомга яқин йиғдик, ҳар куни тўкишяпти. Кеча ўша [депутат Марат] Аманкулов бир қисмини тўкди. Яқин орада у қанча тўлаганини айтамиз. Яқинда судья 70 млн сом тўлади. Бабанов 100 млн сом тўлади, биз уни бюджетга ёрдам беришини сўраганмиз. Бу билан кун сайин бюджетга бизнинг коррупционерлардан ўнлаган, юзлаган миллионлар тушмоқда [...] Бу пуллар бизда қолмайди, биз тийинигача бюджетга ўтказамиз. У ердан молия вазирлиги истагандай бўлиштиради», — деди Ташиев.

*Жогорку Кенеш депутати ва «Биримдик»нинг собиқ раиси Марат Аманкулов «Ноқонуний бойиш»да гумон қилинмоқда. МХДҚнинг маълумоти бўйича Аманкулов ва унинг қариндошларига 1,5 млрд сомлик мулк расмийлаштирилган. 70 млн сом тўлаб уй қамоғига чиқарилган Олий суднинг судьяси бу Камил Осмоналиев — у ҳам «Ноқонуний бойиш»да гумон қилинмоқда.

Журналистлар Бабанов бюджетга ўтказган маблағлар «давлатга берилган пора эмасми» деган саволни берди. Ташиев Бабановга нисбатан қўзғалган иш Молия полициясидан МХДҚга келиб, икки-уч ойлик текширувлар натижасида жиноий иш белгилари аниқланмаганини билдирди.

«Бизнинг терговчилар шундай қарор чиқаришди. Бу ерда шахсан Бабановнинг ёки унинг қариндошларини ҳеч кимга катта зарар келтиргани аниқланмаган. Энди Бабанов билан сўзлашдик — бюджетга ёрдам берди. Ким бераман деса рад этмаймиз [...] Сабаби Ўмурбек Токтогулович қўлида бор, имконияти кенг йигит. Давлатга ёрдам берди, ҳеч қандай МХДҚга бермади», — деди Ташиев.

Бундан ташқари Ташиев яна бир коррупционер 1 млрд сом зарарни бюджетга тўкаётганини айтиб, бу бўйича келаси ҳафтада тўлиқ маълумот берилишини айтди.