Қамчибек Ташиев: Қирғиз-ўзбек чегараси 100 фоизга ҳал қилинди

402

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раиси Камчибек Ташиев қирғиз-ўзбек чегараси тўлиқ ҳал бўлганини 26 мартдаги матбуот анжуманида билдирди. Ташиев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси 24-25 мартда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида чегарани аниқлаш учун сўзлашувларни ўтказди.

МХДҚнинг раҳбари ва Ўзбекистоннинг бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги чегара масалаларини ҳал қилиш бўйича комиссиялар Тошкентдаги икки томонлама протоколни имзолашган.

«Қирғиз-ўзбек чегараси 100 фоиз ҳал қилинди. Бу ҳал бўлмаган жуда оғир масалаларни биз кўриб чиқдик, ҳал бўлди», — деди Ташиев.

Ташиев Олабуқа туманидаги Ўртатўқай сув омбори Қирғизистон ҳудудида қолганини, бироқ унинг ичдаги сувнинг 95 фоизини ўзбек томон фойдаланишини билдирди. МХДҚнинг раҳбари Ўрта-тўқайнинг 200 гектарга яқин ҳудуди Қирғизистонга ўтказилганини айтиб, қолган 600 гектарга яқин ер Ўзбекистонда қолганини айтди.

«Шуни ҳисобидан биз томонга олдин талаш бўлган ерлар: Кўк-Серек қишлоғи 105 гектар ер биз томонга ёзилди. Олабуқа туманидаги Баястан ҳудудида 212 гектар, Қорасувга қарашли Оқтош ҳудудида 100 гектар, Ункур тоғдан 35 гектар — Ункур тоғ тўлиқ бизга ёзилди. Кара-Белес участкасидан 25 гектар ер яна бизга берилди. Кара-Белес олдин Ўзбекистонга берилган, энди уни қайтардик», — деди Ташиев.

Шунингдек Ташиев Жалолобод ва Наманган вилоятлари орасидаги Гавасай ҳудудининг 8 минг гектари Қирғизистонга ўтказилганини билдирди. Унинг айтишича, бу ҳудуд қирғиз фуқаролари яшаган 5-6 қишлоқ жойлашган ва бу ерда бир неча марта отишувлар бўлган жанжал содир бўлган.

МХДҚнинг раиси Ўзбекистонга Ўш вилоятидаги Шахрихонсой плотинасининг бошидан 50 гектар ер берилиб, Ўзган туманига 50 гектар қўшилишини билдирди.

Бундан ташқари, Ташиев Ўш вилоятидаги Кампиробод сув омборининг 5 735 гектаридан 1 300 Қирғизистонга ўтганини маълум қилди.

“[Бу вақтгача] 1973 йили бизга компенсация қатори 4 100 гектар ерни ўтказиб берган. Демак, 300 гектарни бизга компенсация қилиши керак эди. Бироқ ўша 300 гектар ўрнига биз компенсация қатори Ўзган ва Сузоқ туманларига 1 минг гектар ер олдик. Бу бизнинг олиб борган сўзлашувларимиз натижасида бўлди», — деди Ташиев.

Шунингдек, у ўзбек томон Кампиробод сув омборига тўсиқларни ўрнатмаслигини айтиб, сувдан икки томон ҳам фойдаланишини қўшимча қилди.

Тошкентда қабул қилинган протоколлар энди тегишли давлат хизматлари томонидан ишлаб чиқилиб, икки давлатнинг президентлари шартномани имзолашади. Уни парламент ратификация қилиши керак.

«Сўх анклавига ҳеч қандай коридор бўлмайди»

Ташиев Қирғизистон ҳудудидаги Сўх анклави ҳақидаги саволга жавоб бериб, Ўзбекистоннинг фуқаролари Сўх анклавига Қирғизистоннинг чегара постлари орқали ўтишларини таъкидлади.

«Сўхда ҳеч қандай коридор йўқ. Бу ерда [1 апрелда] Кайтпас ва Ўтикчи постлари очилади, бу ердан одамлар, енгли машиналар ва 20 кишини ташувчи микроавтобуслар ўтади», — деди Ташиев.

Бунга қадар президент Садир Жапаровнинг матбуот котиби Галина Байтерек қирғиз томон «Сўх анклавига давлат чегараси орқали эмин-эркин ўтиши учун транспорт ва авиақатновларни очишга тайёрлигини» билдирганини маълум қилган.

Байтерек чегарада яна етти ўтказиш бекати ишлай бошлаши кераклигини, ускуналарни ўзбек томон беришга ваъда қилганини қўшимча қилган. Матбуот котибининг айтишича, унинг ўрнига Ўзбекистон Ункур тоққа бўлган талабларидан бош тортмоқчи. Кейинчалик президентнинг сайтидан бу ҳақдаги пресс-релиз ўчирилиб, ўзгартириш билан қайта қўйилган.

Бу билдирувга ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллигининг матбуот хизмати муносабат билдириб, Ўзбекистон учун Сўх анклавига коридор очилади деган маълумотни инкор қилди.

«2021 йилнинг 11-12 мартида Қирғизистон билан Ўзбекистон давлат раҳбарларининг расмий учрашувининг натижасида қирғиз томон Қирғизистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистоннинг Сўх анклавига коридор беради деган нотўғри маълумотлар тарқалган. Ўзбекистонга коридор берилади деган сўзлар нотўғри», — деб билдирган матбуот хизмати.