Олий суд 23 мартда собиқ адлия вазири ва собиқ депутат Аида Саляновага нисбатан чиқарилган ҳукмни бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишга юборди. Салянова Бакиевларнинг юристи Алексей Елисеевнинг адвокатлик лицензиясини «ноқонуний узайтириш» бўйича айбдор деб топилиб, 2018 йили май ойида беш йилга кесилган эди.
Йил бошида Салянованинг адвокати Рабига Сидикова Олий судга мурожаат қилиб, жиноий ишни «янги очилган ҳолатлар» сабаб қайта кўриб чиқишни сўраган. Бироқ аввалига унинг илтимоси қаноатлантирилган эмас.
Ҳозирда Салянованинг иши қайтадан Бишкекнинг Ленин туман судида қараладиган бўлди.
Салянова ва адвокатлик лицензияси
Бош прокуратура 2016 йили Саляновани «Лавозимидан фойдаланишда» айблаган. Терговнинг версияси бўйича, Салянова 2010 йили адлия вазири бўлганда Алексей Елисеевдан судланмаганлиги ҳақида маълумотнома сўрамасдан адвокатлик лицензиясини узайтириб берган.
Салянова адвокатлик лицензия қонуний узайтирилганини ва бу иш собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг «буйруғи» деб билдирган. Собиқ депутат 2015 йили бош прокурорлик хизматидан кетгандан кейин Атамбаевни танқид қила бошлаган.
Бундан ташқари, 2016 йили Салянова Атамбаевнинг конституциявий ислоҳотларига қарши чиқиб, ўлканинг асосий мухолифатчи депутатларининг бири бўлиб қолган. Ўша йили унинг турмуш ўртоғи Бакит Абдикапаров етти йилга шартли кесилган.
2017 йили Олий суд Аида Саляновани беш йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукмини ўз кучида қолдирган. Уни вояга етмаган боласи бўлгани сабаб жазо муддати 2029 йилга жилдирилган.
Ўша йили юрист Алексей Елисеев Салянова билан таниш эмаслигини, 2010 йили адвокатлик лицензияси узайтирилгани билан ҳеч қандай фойда кўрмаганини айтган.