Қирғизистон муфтийлиги учун саккиз киши ариза топширди

289

Қирғизистон мусулмонларининг Уламолар кенгаши муфтийлик хизматига аризаларни қабул қилишни 17 мартда якунлади. Унга кўра, муфтий бўлиш учун умумий саккиз номзод ариза топширган.

Улар:

  1. Нурбек Токтогулов;
  2. Сайдамир Жээналиев;
  3. Султанали Гапуров;
  4. Убайдулла Сарибаев;
  5. Шукур Исмаилов;
  6. Шакир Маматов;
  7. Нематилла Жээнбеков;
  8. Ниязали Арипов.

Уламолар кенгаши аъзолигига, муфтийликка ва Марказий текшириш комиссияси раислигига танлов бу йил 17 февралда эълон қилинган. Унга кўра, уламолар кенгашига аъзо бўлишга 75 номзод ҳужжат топшириб, Марказий текшириш комиссиясининг раиси лавозимига 21 киши ариза берган.

«Ҳужжатлар текширувдан ўтгандан кейин 29-30-31 март, 1 апрель кунлари рўйхатга олиш ва аттестация комиссияси номзодларнинг билим даражасини ва тажрибасини текшириш мақсадида танлов ўтказмоқчи», — деб билдиришди Уламолар кенгашидан.

Муфтиятдаги можаро

10 февралда муфтиятнинг бош ҳисобчиси МХДҚ томонидан қўлга олингандан кейин Максат Токтомушев муфтийликдан кетиш учун ариза ёзган.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, «дин бошқармасида ноқонуний ишлар аниқлангандан кейин раҳбарият ҳисобчи орқали МХДҚ вакилларига 100 минг доллар миқдорида пора таклиф қилган».

Шу куни кечда МХДҚ Токтомушевни «муфтиятдаги молиявий қонунбузарликларда иштироки бор» деб ушлаб, вақтинча сақлаш жойига киритган.

«Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида муфтий М.а.Т. ҳаж сафарига борувчилар томонидан берилган пуллардан фойдаланишга боғлиқ моддий қонунбузарликлар бўлганини ва бу жиноятга алоқаси борлиги бўйича далиллар олинди», — деб билдиришган МХДҚдан.

Бу жамоатчиликда қизғин муҳокамага сабаб бўлиб, Токтомушевнинг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда норозилик билдиришган. 11 февралда собиқ муфтийнинг тарафдорлари МХДҚнинг биноси олдида митингга чиқиб, Токтомушевни уй қамоғига чиқаришни талаб қилишган.

Икки кундан кейин Биринчи май туман суди собиқ муфтийни яшаган жойидан бошқа ҳудудга чиқмаслик тилхати билан уй қамоғига чиқарган.

14 февраль куни Токтомушев видеомурожаат билан чиқиб, «уни чет ўлкага қочиб кетди» деган маълумот тарқатмасликка ва «президент Садир Жапаровнинг сиёсатини қўллашга» чақирган.