Президент парламент сайлови октябрга режалаштирилганини айтди

299

Президент Садир Жапаров парламентнинг еттинчи чақирилишини сайлаш октябрь ойига режалаштирилаётганини «Азаттык» радиосига берган интервьюсида билдирди.

Унинг айтишича, агар 11 апрелда маҳаллий сайловлар билан бирга бўладиган референдумда Конституциянинг янги лойиҳаси қабул қилинса, бошқа қонунларни унга мослаш учун 2-3 ой керак.

«Барча қонунларни янги Конституцияга мослашимиз керак, бунга 2-3 ой кетади. Шунда Жогорку Кенешнинг сайлови июль, августга бориб қолар экан. Ёзда ҳеч ким сайловга қатнашмайди, биласизлар. Бу ёқда икки ой қолар экан. Унинг нари-бериси қайси деб октябрь ойида парламент сайлови ўтказайлик деб режалаштиряпмиз», — деди у.

Жапаров сайловчиларнинг кўпи қишлоқда эканини айтиб, сентябрнинг охирида уларнинг йиғим-терими битиб, бўшаб қолишини қўшимча қилди.

Инқироз ва янги Конституция

Конституциявий реформа ўтказиш заруратини Садир Жапаров қамоқдан бўшатилиб, президент вазифасини бажара бошлангандан кейин айта бошлади. Жапаров Қирғизистонда президентлик бошқарув формаси бўлиши керак деб ҳисоблайди. Жапаровнинг ташаббуси билан парламент сайлови номаълум муддатга жилдирилиб, конституциявий реформа бошланган.

Жапаров парламент сайловининг жилдирилишин «вазиятни барқарорлаштириш ва халқни сайловга бўлган ишончини ошириш» учун керак деб оқланган. Бироқ юристлар Жапаров Конституцияни бузди ва Қирғизистонни ҳуқуқий доирадан инқироз томон туртди деб айтишган.

Конституциянинг янги лойиҳаси 17 ноябрда жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, жамиятда «Ханституция» номини олган. Юристлар, фаоллар ва бир қанча депутатлар кескин танқид қилган.

Шундан сўнг Бош қонуннинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиш учун Конституциявий кенгаш тузилган. Улар Конституциянинг янги лойиҳасини ишлаб чиқиб, уни парламентга таклиф қилган. Жогорку Кенеш Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум тайинлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини март ойининг бошида биринчи ўқишда қабул қилган. Бир ҳафтадан кейин 11 мартда иккинчи, учинчи ўқишда қабул қилган. Унга йиғинга қатнашган 100 депутатнинг 94 маъқул, олтиси қарши овоз берган.

Депутат Жанар Акаев бир қатор депутатлар шу қонун лойиҳасига овоз бериш учун керак бўлса чет ўлкадан зудлик билан учиб келганини айтган.

Сайлов куни коррупция моддаси билан айбланиб, МХДҚнинг ТИЗОсига қамоққа олинган халқ вакили Дуйшўн Торокулов парламентга келган. У журналистларга Биринчи май туман суди уни уй қамоғига чиқарганини айтган.