11 мартда суд «Дев-Чингиз» лақабли криминал Чингиз Жумагуловни беш йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Клооп»нинг журналистига Олий суднинг матбуот хизмати маълум қилди. Олий суднинг қарори охирги ва шикоят қилиш мумкин эмас.
Судда икки инстанциянинг қарорлари ўз кучида қолдирилганини, оқловчи томоннинг кассация шикояти қаноатлантирилмагани таъкидланди.
Жумагулов бўйича қарор Биринчи май туман суди томонидан 2020 йилнинг июнь ойида чиққан. Ўша вақтда судья «Дев-Чингиз»ни айбдор деб топиб, «Бебошлик» моддаси бўйича озодликдан маҳрум қилиш қарорини чиқарган.
Давлат қораловчиси Жумагуловни ва бошқа айбланувчиларни уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга аъзо бўлиш, жисмоний зарар келтириш ва автотранспорт воситасини ўғирлаш моддалари бўйича айбдор деб топишни сўраб, 200 минг сом жарима тўлаш билан бирга 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини сўраган.
Бироқ суд Жумагуловга нисбатан «Бебошлик» моддасини қўллаган. Бошқа айбланувчилар — Марсбек Тентиев билан Иляс Айдакеев — бошқа моддалар бўйича ҳам айбдор деб топилиб, 190 минг сом миқдорида жарима тўлаб, 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Жумагуловнинг иши
Криминал муҳитда «Дев» лақаби билан танилган Чингиз Жумагулов 2019 йили апрелда бошқа одамлар билан бирга икки одамни аёвсиз калтаклашда гумон қилиниб қўлга олинган. Жабрланганлар билан қўлга олинганлар УЖГ аъзолари экани маълум қилинган.
Олдин криминал «Қотилликни уюштириш ҳаракати» моддаси билан 18 йилга кесилган.
2016 йилнинг апрель ойи бошида Жумагулов Бишкекдаги Чуй проспекти билан Курманжан Датка кўчасининг кесилишидаги отишувга алоқаси бор деган гумон билан қўлга олинган. Терговнинг версияси бўйича, Жумагулов ва унинг шериклари кумуш рангли «Субаруга» бир неча марта ўқ отиб, воқеа жойдан қочиб кетишган.
2016 йилнинг июнь ойида Жумагулов яшириниб, Биринчи май туман суди уни қамоққа олишга сиртдан ҳукм чиқариб, қидирув эълон қилган. Бир ҳафтадан кейин ўша йилнинг 10 июнида у қўлга олинган. Шунга қарамай, 2018 йилнинг бошида суд уни тегишли муддатидан олдин озод қилган.
Жумагуловни «Камчи Кўлбаевнинг УЖГни фаол аъзоси» деб айтишган. Шунингдек у президент аппаратининг собиқ етакчиси Медет Садиркуловни ўлдириш бўйича гувоҳларнинг бири бўлган. Жумагулов ўз даврида жиноят олами ва Кўлбаев билан алоқаси бўлганини рад этган.