Экс-мэр Мелис Мирзакматов Ўшда сайлов адолатли ўтмайди деган фикрда

650
Мелис Мирзакматов. Сурат Адил Акжол ўғлининг видеосидан скриншот қилиб олинди

Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзакматов 13 мартда блогер Адил Акжол ўғли билан суҳбатлашган. Унда у ўлкадаги сиёсий вазият ва маҳаллий кенгашларда бўладиган сайловлар бўйича фикр билдирди. Шунингдек, озиқ-овқат қимматлаганига ҳам тўхталди.

«Давлат йўқолиб кетиш хавфида»

Мирзакматов постсовет давлатлари орасида «энг ортда қолган ва мустақиллигини йўқотиб бораётган» мамлакат — Қирғизистон деб атади.

«Ер ости ресурсларимизнинг 80 фоизи, ер устидаги ресурсларимизнинг 80дан ортиғи бизники эмас. Бу мамлакатни мамлакат деб атаб бўладими? Йўқ, бу колония», — дейди у.

Собиқ мэр давлатнинг бу ҳолга келишига «жарма патриот»лар, «жарма революционерлар» ва «жарма демократлар» сабабчи деб ҳисоблайди. У «хоинлар» ташқи ва ички сиёсатни «нотўғри олиб бориб, халқни нотўғри йўлга бошлаган» деди.

«Ҳар доим халқни ёлғон маълумот билан таъминлаб, халқни бошини айлантириб келишган. Бугун ҳам шундай жараёнлар бормоқда», — деди Мирзакматов.

Шунингдек Мирзакматов жамият «оғриб қолганини» айтиб, уни даволаш учун «мамлакатни қайта қуриш керак» деган фикрда.

«Бизни жамиятимизга, миллатимизга жуда оғир ва ёмон касалликни юқтириб қўйишди [эҳтимол ҳукуматдагилар]. Энди уни биз тўғри сўзлаб, тўғри йўналишда даволашимиз керак. Бизни мамлакатимиз бу соямизгина. Ичимиз эса бўшлиққа айланиб қолди. Шунга етказдик. Касал жамиятни ҳақиқатни айтишнинг ўзи хатарли», — деди у.

«Ўшда сайлов тоза ўтмайди»

Мирзакматов интервьюдан бир кун олдин президент Садир Жапаров билан сайлов ҳақида сўзлашиб келганини билдирди. У Ўшда тоза ўтмайди деган фикрда. Мирзакматов буни «Ўшда маъмурий ресурс ва сиёсий таъқиб кўп бўлиши» билан тушунтирди.

«Бишкекда Ўшдагидай ишдан ҳайдаш, сиёсий таъқиб, тунда уйқусидан уйғотиб «сен мана бу партияда экансан, чиқ» деганлар йўқ. Ташиевни, Мамитовни, Жапаровни, Зулушевнинг номини сотган етим югурдаклар йўқ. Ўшда бор. Шуларни тийиш керак. Ўшдаги сайлов тоза ўтмайди», — деди у.

Мирзакматов унга етган маълумотлар бўйича махсус хизматнинг раҳбари Камчибек Ташиев партия тузган бўлиши мумкин деди. Бироқ у аниқ қайси партия бўйича сўз бўлаётганини очиқламаган.

«Юқоридагилар ҳукуматдагиларнинг номини сотяпти деб умид қилайлик. Бироқ менга кўп маълумотлар келяпти. Агар булар ҳақиқатдан ҳам партия тузиб киришаётган бўлса… Қирғизистоннинг тарихида махсус хизматнинг раҳбари партия тузмаган [...] Бош прокурор партия тузмаган. Булар нима мақсадда қиляпти тушунмадим», — деди Мирзакматов.

Собиқ мэр «Ата-Журт Кыргызстан» партияси ҳақида гапираётган бўлиши мумкин. Жамоатчиликда партия Ташиевга тегишли деган маълумотлар тарқалган. Шунингдек унинг ўғли Тай-Мурас Ташиев мазкур партия билан Жалолобод шаҳар кенгашига отланди.

*Юстиция вазирлиги сайтида «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг етакчиси қатори Айбек Маткеримов кўрсатилган. МСКнинг маълумоти бўйича Маткеримов 40 ёшда, 2016 йилдан бошлаб 2020 йилнинг октябригача Барпи қишлоқ ҳукуматида «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлган. 2017 йили Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан номзод бўлган. Камчибек Ташиевнинг қишлоғи ҳам Барпи қишлоғи. Октябрдаги парламент сайловида у «Мекенчил»дан номзод бўлган.

Ўш шаҳар кенгашига ҳозирда тўққиз партия курашмоқда. Унинг ичида Мирзакматовнинг ўзи тузган «Улуттар биримдиги» партияси ҳам бор.

«Қимматчилик яна ўн йил давом этади»

Собиқ мэр ўлкада озиқ-овқат қимматлаганига ҳам тўхталди. У қимматчилик яна ўн йиллар давом этади деб, халқ экин экиб улуш ерларидан фойдаланиши керак дейди.

«Ҳукуматдагиларни айби йўқ, бироқ имкони борича чора кўришади. Яқин орада озиқ-овқатнинг нархи арзонлайди деб умид қилманглар. Бу ўн йиллаб давом этади. Агар беш йилда битса анда бу катта муваффақият. Биз гектарлаб ётган ерларни ишлатишимиз керак», — деди у.

Мирзакматов ҳақида

Мирзакматов Ўш шаҳрини 2009-2013 йиллари бошқарган. 2014 йили шаҳардаги эстакада кўпригини қуришда хизмат «ваколатларидан фойдалангани учун» унга қарши жиноий иш қўзғалган.

Бу воқеадан сўнг Мирзакматов Туркияга чиқиб кетган эди. 2015 йили суд уни сиртдан 7 йилга озодликдан маҳрум қилган.

2020 йили парламент сайловидан кейинги тартибсизликлар вақтида Мирзакматов Ўш шаҳрига учиб келган. Уни шаҳарнинг марказий майдонида минглаган тарафдорлари кутиб олган.

Кейинчалик Мирзакматов журналистларга интервью бериб, «жанубий ҳудудларда тинчликни ўрнатиш учун ёрдамлашгани» келганини айтган.

Буни амалга ошириш учун президент Сооронбай Жээнбеков билан сўзлашганини билдирган. Шунингдек, депутатлар Искендер Матраимов ва Асилбек Жээнбеков билан учрашганини очиқлаган.

У давлат хизматларида ишламаслигини билдириб, Туркияга қайтиб кетишини айтган эди. Шунингдек у Олий суд унинг иши бўйича чиққан ҳукмларни бекор қилиб, иши қайта тергов қилинишини айтган.