«Қўл-оёғини қайириб олиб келишди». Референдум ўтказишнинг қонун лойиҳаси 2-3-ўқишда маъқулланди

249

Жогорку Кенешнинг депутатлари 11 апрелда Конституция қабул қилиш бўйича референдум ўтказиш ҳақидаги қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда кўриб чиқиб, маъқуллашди. Энди президент Садир Жапаров қўл қўйиши керак.

Жапаров ҳукуматга келгандан бошлаб янги Бош қонунни қабул қилиш кераклигини айтади. Шунингдек у таклиф қилинган Конституция лойиҳасининг ташаббусчиларидан бири.

Йиғинга 100 депутат рўйхатга олиниб, улардан 94 депутат «маъқул», 6 депутат «қарши» овоз берди.

Янги бош қонунни қабул қилиш ташаббусини асосан мухолифатчи депутатлар қўллаган эмас. Улар Жанар Акаев, Наталя Никитенко, Дастан Бекешев, Рискелди Момбеков, Бакитбек Жетигенов, Чинара Урумкалиева.

Депутатлар орасида ҳамкасблари учун овоз берганлар ҳам бўлди. Уларнинг бири депутат Эрмамат Тагаев — у 10 мартдаги йиғинда ўзидан бошқа одамга овоз беришга улгурган.

24.kg нашри овоз беришда 100 депутат рўйхатдан ўтгани билан амалда 83 халқ вакили қатнашганини ёзди.

Депутат Жанар Акаев халқ вакилларини «қўл-оёғини қайириб олиб келишди» деди. Кечда ва эрталаб Ўшдан бир қанча депутатлар келганини, қолаверса қамоқда бўлган Дуйшўн Тўрўкулов уй қамоғига чиқиб йиғинга қатнашганини таъкидлади. Унинг айтишича, овозлар репрессив турда таҳдид билан олинди.

«Шу ерга бирор бир қонун лойиҳаси қабул қилинаётганда, бюджет қаралаётганда, ҳукумат ҳисоботи бўлаётганда шунча депутат келмайди. Ҳаммасини қўл-оёғини қайириб олиб келишди. Шу ерда кеча бир депутат қарши бераман деётганди, номини айтмайин. Туни билан ҳукумат, куч органлари унга ҳам қўнғироқ қилиб, «сени қариндошларинг шу хизматларда ишлайди, уларни ҳаммасини ишдан бўшатамиз» деб репрессив турда қўрқитиб [овоз] олишди. Бизнеси йўқ, қариндош-уруғлари давлат хизматларида ишламаган депутатлар қолдик», — деб тушунтирди Акаев.

Акаев «бош қонунни қўллаб беринглар, 80дан ошмай қолса уят бўламиз, русча айтганда провал бўлади» деб президентнинг атрофидаги одамлар қўнғироқ қилганини айтди.

Депутат Бактибек Турсункулов референдум ўтказиш бўйича қонун лойиҳасини муҳокама қилишда қонунбузарликлар бўлмаган деди.

«Регламент бузилмади, шартлари билан қўмиталардан ўтди, муҳокама бўлди. Кечадан бери қанча журналистлар турибсизлар. Йўқ депутатлар танқид қилиниб, ҳаммаси келди, қамоқда ётганлари ҳам келди», — дейди Турсункулов.

Бунга қадар юристлар янги Конституцияни қабул қилиш бўйича референдум ўтказиш қонун лойиҳасини муҳокама қилишда ва биринчи ўқишда қабул қилишда бир қанча қонунбузарликлар бўлганини айтишган. Асосан экспертлар бош қонун шошилинч ўзгартирилаётганини, аслида жамоатчилик муҳокамаси бўлмаганини ва ташаббус халқнинг талаби эмаслигини таъкидлашган.