Ўш: Қайнотаси пичоқлаганини айтган келин унинг уй қамоғига чиқарилганидан норози

279

Ўш шаҳрининг Тўлўйкўн қишлоғининг 26 ёшдаги турғуни Жилдиз Ўсўрбай қизи қайнотаси Райим Аматовни қамалишини талаб қилмоқда. Ўсўрбай қизи қайнотаси уни пичоқлаганини айтиб, 9 мартда яқинлари билан матбуот анжумани ўтказди.

«Зўравонлик қилиб келган»

Ўсўрбай қизи 2015 йили ўзи гаплашиб юрган йигитга турмушга чиқиб, икки фарзандли бўлган. Унинг айтишича, қайнотаси келин бўлиб келгандан бошлаб руҳий зўравонлик кўрсатиб келади.

2020 йилнинг 20 декабрида Аматов қизига қўнғироқ қилиб, Ўсўрбай қизининг устидан шикоят қилган. Келин буни эшитиб қолгандан кейин можаро бошланиб, қайнота келиннинг қорнига пичоқ тиқиб олган.

«Унда қайнотам мени ёмонлаётган эди. Кейин телефонни менга беришди. Мен қайн опамга уй ишларини вақтида бажараётганимни айтдим. Кейин қайнотам келиб, «сен мени ёмонлайдиган бўлиб қолдингми?» деди. Мен йўқ дедим. Кейин овқат қилаётганимда қўйган пичоқни ичимга сайиб олди», — дейди Ўсўрўва.

Жабрланувчининг айтишича, унга биринчи ёрдам кўрсатилмай, ярим соатга яқин ерда ётган. Унинг яқинлари келин бир литрга яқин қон йўқотганини айтишди. Мазкур воқеадан кейин Ўсўрбай қизи турмуш ўртоғи билан яшамаган.

«Шифокорлардан сўрасам «пичоқ юракка кетувчи томирга 2 мм етмай қолибди, агар уни кесиб кетганда ўларди» деб айтишди. Пичоқ сайилганда ошқозон тешилиб, йўғон ичак ҳам кесилиб қолган экан [...] Қайнотаси пичоқни сайиб, қийшиқ суғирган экан», — дейди аёлнинг опаси.

Ўсўрованинг яна бир опаси Урият Ўмурзакова ўтган йилнинг 27 декабрида Ўш шаҳар суди Аматовни икки ойга қамаш қарорини чиқарганини айтди. Вилоят суди уни 6 январь куни уй қамоғига чиқарган дейишди — бунга гумондорнинг аппеляция шикояти сабаб бўлган.

Гумондорни уй қамоғига чиқишига норози бўлган жабрланувчининг яқинлари Аматовни қамашни ва ишни тезроқ тергов қилишни талаб  қилишмоқда. Шунингдек, улар иккинчи томон билан «ярашиш ниятлари йўқлигини» айтишмоқда.

«Ҳозир бу қизга ҳам дори-дармонлар керак. Ногирон бўлиб қолибди. Касалхонага ётиши керак. Шу Райим Аматовни қамалишини талаб қиламиз», — деди Ўмурзакова.

«Суд оилани сақлаб қолишни кўзлаган»

Ўш вилоят судининг матбуот котиби Назгул Исманова Аматов уй қамоғига чиқарилганини тасдиқлади.

Исманова суд эҳтиёт чорасини кўриб чиқишда оилани сақлаб қолишни кўзлаганини айтди. Шунингдек ўртада болалар борлигини ва Ўсўрбай қизининг аҳволи «яхши» бўлиб қолганини билдирди. Бундан ташқари, суд жабрланувчининг касалхонада «пичоқни ўзимга-ўзим сайиб олдим» деган кўрсатмасига таянганини айтди.

«Экспертизанинг хулосасида жабрланувчининг жароҳати ўткир, кесувчи буюм таъсирида бўлганини, қориннинг пастки қисми одам ўзини-ўзи пичоқ билан жароҳатлаши мумкин бўлган тана аъзоси экани кўрсатилган. Воқеа бўйича ҳозирда эҳтиёт чорасигина қаралган. Жиноят ишининг маъноси бўйича судга келиб тушади», — деди матбуот котиби.

Бироқ Ўсўрбай қизининг яқинлари қайнонаси касалхонага етгунча унга «пичоқни ўзимга сайдим дегин» деб буйруқ берган дейишди.

Ўш ШИИБининг матбуот котиби Абсаттар Тавакалов мазкур факт

«Танага оғир зарар келтириш» моддаси билан рўйхатга олиниб, суд-тиббий экспертиза аёлнинг танасига тиғли нарса билан жароҳат келтирилганини тасдиқлаганини айтди. Бироқ пичоқ ким томонидан сайилгани аниқланмади деди.

«Бугунги кунда тергов тугади. Иш судга икки-уч кунда ўтади», — деб тушунтирди Тавакалов.

Оиладаги зўравонлик

2020 йилнинг бошида оиладаги зўравонлик сабаб ажал топган аёлларнинг воқеаси жамоатчиликнинг ҳушини учирган — январь ичида ИИВ «аёлларни ўлгунча калтаклаб», айримларига «атайлаб ўт қўйиш бўлган» бир неча факт ҳақида хабар қилган.

Бундан ташқари, миллий статистика қўмитаси пандемия вақтида аёлларга нисбатан зўравонлик 14%га, оиладаги зўравонлик 65%га ўсганини билдирган.

Шунингдек, ИИВнинг маълумотига кўра, 2020 йили оилавий зўравонликнинг 9025 ҳолати рўйхатга олиниб, унинг 944 судда қаралган.

Масала бир неча марта Жогорку Кенешда ҳам кўтарилиб, ўтган йилнинг ёз ойида депутат Исхак Пирматов оилавий зўравонлик учун айбдорларнинг жазосини кучайтиришни таклиф қилган қонун лойиҳасини таклиф қилган.

Унга кўра, соғлиққа зарар келтирилган вақтда меҳнатга яроқсиз бўлса ёки аёл жабрлангани очиқ кўриниб турса, икки томонни ярашишига йўл берилмайди. Бу ҳолда тузатиш ёки жамоат ишлари жазо қатори қолаверади, жарима эса бекор қилинади.

Мазкур қонун лойиҳаси шу йил бошида парламентнинг иккинчи ўқишида маъқулланди.