ОАВ: Собиқ божхоначи Райимбек Мараимовнинг юрагига ҳусусий клиникада операция қилинади

237
Райимбек Матраимов МХДҚ биноси олдига олиб келинмоқда

Собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг юраги хусусий «Бикард» кардиология клиникасида операция қилинади. Бу ҳақда «Азаттык» нашрига мазкур клиниканинг вакили Елена Баялинова маълум қилди.

«Матраимовнинг юрак қон томирлари скальпелсиз — инвазив операция қилинади. У касалхонага айрим қон айланиш органларининг иши бузилган ҳолда келган. Шунингдек ҳозир шифокорлар Матраимовнинг буйрагини ҳам текширишмоқда», — деб билдирган Баялинова.

Бундан бир ҳафта олдин «Бикард» клиникасининг бош шифокори Дамир Осмонов Матраимовнинг аҳволи барқарор бўлмаётганини айтиб, у шифокорларнинг назоратида бўлиши кераклигини қўшимча қилган.

Матраимов жорий йилнинг 18 февралидан бери МХДҚнинг тергов қамоғида сақланади. Махсус хизмат уни иккинчи марта ҳибсга олиб, Матраимов «жиноий даромадларни қонунийлаштиришда» айбланганини билдирган. Бироқ 24 февралда Матраимовнинг қон босими кўтарилиб, касалхонага ётқизилгани маълум қилинган. МХДҚдан собиқ божхоначининг аҳволи ҳақида ва у нима учун хусусий клиникага ётқизилганини тушунтирган эмас.

Райимбек Матраимов

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Шунингдек, Матраимов «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқариб кетган 700 млн доллардан ортиқ маблағ ҳақида журналистик суриштирувнинг асосий фигурантларидан бири.

11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.

Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.