Бош прокуратура 10 мартда суд мажлисида блогер Элмир Сидимановнинг иши бўйича айбловларни рад этди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати билдирди.
Унга кўра, суд-лингвистика экспертизаси Сидимановнинг сўзларида ҳудудлар аро низони қўзғаш ва зўравонликка чақиришнинг белгиларини топмаган.
Бу вақтгача прокурор блогерни олти йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Нима бўлган эди?
Инстаграмда Sydyman деган ном билан рўйхатдан ўтган блогер Элмир Сидимановнинг саҳифасини 250 мингдан ортиқ одам ўқийди. У ўзининг саҳифасида ҳазиломуз контент қилиб, жонли эфирларга чиқади — унда у томошабинлар билан суҳбатлашиб, уларнинг изоҳларига жавоб беради.
У инстаграмидаги жонли эфирларининг бирида Қирғизистоннинг турли ҳудудларида қўлланилган айрим уят сўзлар бўйича салбий фикрларини билдирган. Унинг айтишича, «тўлиқ эмас ва уят сўзларнинг 70-80%ни» унга «жанубдан» ёзишади.
«Рост, мен бетингизга айтайин, Ўш, Жалолобод, Баткен ривожланмаган. Балки сен Баткендан, Ўш ёки бир жойдан бўларсизлар, бироқ менга умуман ёқмайсизлар. Сабаби ривожланмайсизлар», — деган Сидиманов.
Жонли эфирнинг бу қисми жамоатчиликда резонанс яратиб, кўп ўтмай блогерга таҳдидлар кела бошлаган, шу сабаб у 3 февралда айтганлари учун кечирим сўраб, ютуб каналига видео жойлаган.
Сидиманов 17 февралда қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилган. Шундан кейин Октябрь туман суди блогерни «Ирқий, этник, миллатчилик диний ёки ҳудудлар аро низони қўзғашда» гумон қилиб, икки ойга қамоққа олиш қарорини чиқарган.
Блогер ушлангандан кейин унинг онаси президент Сооронбай Жээнбековга мурожаат қилиб, давлат раҳбаридан ишни текширишни ўз назоратига олишни сўраган.
«Медиа Полиси Институти»нинг мустақил экспертлари блогернинг сўзларида ҳудудлар аро низони қўзғаш белгиларини топмаганини билдиришган.
«Унинг сўзларини эшитсангиз, у постларининг остида ким «тўғрироқ» сўкиниши ҳақида сўз қилган. Бу жиннилик. У одамларнинг ким узоққа тупуришини солиштириб, буни қилишни билмаганларни йўли йўқ одамлар каби ҳисоблагандай. Ёки бу сарказм, масҳарабозлик — буларга ҳам тақиқлар йўқ», — деб билдирган медиа вакил Акмат Алагушев.