ССВ коронавируснинг 1-тўлқинида давлатга 3 млн сомдан ортиқ зарар келтирган — Бош прокуратура

233

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг биринчи тўлқинида дори-дармонларни сотиб олишда қонунни бузган. Шу асосида давлатга 3 миллион сомдан ортиқ зарар келтирган. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, коронавирус касаллиги билан курашишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жаҳон банки ажратган пулга лопинавир, ритонавир препаратлари сотиб олиниши керак эди.

Бироқ кейинчалик жаҳон банки томонидан бу дорилар рўйхатдан чиқарилган. Шунга қарамай дорилар сотиб олинган.

«2020 йилнинг 13 апрелида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «М» фармкомпанияси билан Калидавир препаратини (лопинавир/ритонавир препараларнинг аналоги) давлат бюджетининг ҳисобидан уч ярим миллион сомга сотиб олиш ҳақидаги шартнома шошилинч равишда тузилган. Бироқ сотиб олинган дори-дармонлар бугунги кунгача ҳеч қайси тиббий муассасаларга тарқатилмасдан, вазирликнинг омборларида тургани аниқланди», — деб ёзилади маълумотда.

Ҳозирда коронавирус касаллигига чалинган одамларни даволашда лопинавир, ритонавир препаратларидан фойдаланилмайди. Сабаби препаратлар вақтинча клиник қўлланманинг учинчи версиясига киритилмаган.

Мазкур факт бўйича Жиноятларнинг ягона реестрига «лавозимидан фойдаланиш» моддаси билан рўйхатга олиниб, судгача текширув бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус вақтида пул ишлагани ҳақида «ПолитКлиника» нашри суриштирув чиқарган. Шу асосида вазирлик оддий ниқобни 25 сомга, ҳимоя кийимларини 6000 сомдан сотиб олганини аниқлаган.

Шунингдек, ниқоблар тиббиёт тармоғига алоқадор бўлмаган фирмалардан олинган.

Февраль ойининг бошида дори-дармонлар ва тиббий воситалар департаментида коррупция схемаси аниқланиб, 8 жиноий иш қўзғалган эди.

Амалдорлар ва пандемияга тайёргарлик кўришдаги бажарилмаган ишлар учун жавобгарлик

Коронавирусга қарши курашиш бўйича давлат органлари билан муниципалитетнинг ишини текширган муассасалар аро комиссиянинг маълумотига кўра, COVID-19га қарши кураш давомида 14 жиноий иш қўзғалган.

Бироқ юқори лавозимларни эгаллаган амалдорларнинг ҳеч кимиси ТИЗОга киритилмаган ва бирорта одам ҳозирча судланмаган.

Пандемия бошланган вақтда COVID-19га қарши курашиш Республика штабини бошқарган собиқ премьер Мухаммедкалий Абылгазиев 26 мартгача МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган. Бироқ у пандемияга алоқаси йўқ ноқонуний бойишда ва коррупцияда айбланмоқда.

Бундан ташқари, Абилгазиев пандемияга боғлиқ «Эътиборсизлик» ва «Коррупция» моддалари бўйича қўзғалган жиноий ишларнинг фигуранти экани ҳам маълум — жиноий ишлар жамоатчиликнинг мурожаатларидан кейин қўзғалган. Бу ишлар бўйича тергов қандай бўлаётганини Бош прокуратура айтмади.

Собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев пандемияга тайёргарлик кўришда эътиборсизлик ва лавозимидан фойдаланиш бўйича гумон қилиниб, ҳозир уй қамоғига чиқарилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини билдирган. Бироқ 2020 йилнинг февраль ойида COVID-19 касаллигини тарқалишини олдини олишга бошим билан жавоб бераман деб ваъда берган эди. Шунга қарамай, бир ойга етмаган вақтда касалликнинг биринчи ҳолатлари рўйхатга олина бошлаган.

Бундан ташқари, собиқ вице-премьер-министр Альтинай Ўмурбекова ҳам финполга сўроққа чақирилган. 2020 йилнинг ёз ойларида Ўмурбекова пандемия вақтида фармкомпанияларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш иши асосида Хитойдан келган инсонпарварлик ёрдамини бўлиштириш масаласи бўйича ҳам сўроққа чақирилган. Бундан ташқари, Ўмурбекова 26 январда яна финполга сўроққа борган. Унда сўроқ ҳукуматнинг коронавирусга қарши курашишга тайёргарлиги бўйича экани айтилган.

Шу куни 26 январда собиқ вице-премьер-министр Аида Исмаилова ҳам финполга сўроққа чақирилган. У бу хизматга Ўмурбековадан кейин келган. Исмаилова сўроқ давомида нима ҳақда сўз бўлгани бўйича журналистларга айтмаган, бироқ муассасалар аро комиссиянинг хулосасига қўшилмаслигини билдирган.

Агар сизга коронавирусга қарши курашишга ажратилган пулга нималар олингани қизиқ бўлса, бизни тестдан ўтишингиз мумкин.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов