Москвада 19 февралда Ҳарбий суд қулоғи яхши эшитмаган ногирон Талант Онуровни етти йилга озодликдан маҳрум қилди. У Москва метросида теракт тайёрлашда айбланмоқда.
«Иккинчи ғарбий ҳудуд ҳарбий суди Талант Онуровга нисбатан жиноий иш бўйича ҳукм чиқарди. У интернетда терроризмга тарғиб қилиш ва террористик актга тайёрлангани учун судланди», — деб хабар қилади Москва прокуратураси.
Онуров етти йилнинг икки йилини қамоқда, қолган муддатини кучайтирилган тартибдаги колонияда ўтайди. Онуровга жазо ўтаб битгандан кейин тўрт йил интернетда иш юритиш тақиқлангани хабар қилинди.
Ҳозирча ҳукм кучига кирмади ва ўн кун оралиғида шикоят қилиш мумкин.
Талант Онуровнинг иши
Россиянинг ОАВлари Қирғизистон фуқароси Талант Онуров Москванинг метросида теракт тайёрлашда гумон қилиниб, 2019 йили 5 ноябрда қўлга олинганини билдиришган. Маълумотга кўра, қирғизистонлик ўзига шерик излаб, қўлда бомба ясашга ҳаракат қилган. Эртаси куни Қирғизистоннинг Россиядаги элчилиги Онуров қирғиз фуқароси эканини тасдиқлади.
Талант болалигидаги менингит касаллигидан кейин яхши эшитмай қолган. Онуровнинг яқинларини айтишича, у Москвага эшитиш аппаратига пул ишлаш учун бориб, дарров бебошлик қилган деб ушланган. Ҳужжатларга кўра, қирғизистонлик шу модда бўйича Москвага бориши билан ушланиб, изоляторга киритилган. Бундан ташқари, Онуров Москвага келган вақтининг деярли барчасини изоляторларда ўтказган, оиласига эса унга қўйилаётган айбларни қачон қилгани тушунарсиз.
«У яхши эшитмагани сабаб овозини кўтариб гапиради, қўлини фаол ишлатади. Шу сабаб бизни фикримизча, у ҳуқуқни ҳимоя қилиш органинг кўзига шу туфайли илинган, чунки уни майда бебошлик учун ушлашган», — деб айтган Онуровнинг онаси.
Онуров онасининг айтишича, уларнинг оиласи бундай динга берилган эмас, қолаверса Талант даъватга ҳам чиқиб кўрмаган, жума намозига ҳам онда-сонда борган.
Гумондорнинг адвокати Вадим Захаряев ҳам Талант Москвага эшитиш аппаратини сотиб олиш учун ишлаб пул топишга келганини айтди.
«У эшитишни хоҳлаган, мукаммал одам бўлмоқчи бўлган, уни аппарат билан давлат таъминлаши керак эди», — деб билдирган адвокат.
«Адвокатдан воз кечишга мажбурлашмоқда»
2020 йили февралда Онуровнинг оиласи Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) томонидан босим бўлаётганини билдирган. Уларнинг айтишича, ФХХнинг ходимлари Онуровни адвокатдан бош тортишга мажбурлаган.
Унда Талантнинг қариндоши ФХХнинг ходимлари доим Онуровнинг ёнида бўлишаётганини билдирган. Талантнинг ўзи қўрққанидан ва босим сабаб ҳеч нарса айтмай, муддатини узайтиришга маъқул бўлаётгани ҳам айтилган.
Онуровнинг адвокати ҳеч нарса айтмаслик шарти бўлгани учун Талантнинг қариндошининг сўзларини тасдиқлай олмаган, бироқ у қирғизистонлик журналистларга интервью беришга қарши эканини билдирган.