«Самолёт ҳамёнбоп эмас?» Россияга чипта нархи 60 минг сомдан ортди

372

Материалнинг асл нусхаси «Азаттык»радиосининг сайтида берилган. Муаллифи — Айбек Бийбосунов.

Миллий статистика қўмитасининг 2020 йили олиб борилган суриштирувига кўра, пандемия вақтида Қирғизистонда ҳар бир оиланинг камида бир аъзоси ишсиз қолган.

«Россияда ўқишимиз ва ишимиз қолди»

Бишкек шаҳрининг турғуни Фатима Тургунбаева 20 ёшдаги ўғлини Россияга жўнатолмаяпти.

Унинг боласи Бишкекдаги лицейларнинг бирини тугатгандан сўнг Россияда ишлаб юриб, пандемия бошланганда юртига қайтиб келган.

Бу оила сўнгги йилларда муҳожирларнинг пули билан тирикчилик қилиб келган. Тургунбаева боласи уйда ишсиз ўтирганини айтиб, Россияга нима сабабдан кетолмаётганини тушунтириб берди.

«Турмуш ўртоғим бир неча йил олдин вафот этган. Бизни Россияда ишлаган болам боқади. Энди у уйда ишсиз қолди. Бишкекдан иш излаб, тополмади. Топилса ҳам маоши жуда кам. Суриштирсак чиптанинг нархи 60-70 минг сом бўлибди. Бу пулни қаердан топамиз? Болам ўзи ишлаб пул топиб олмаса, мен ёрдам беролмайман. Насия олишдан қўрқяпмиз».

Мурат Жусупбеков эса Россиянинг Орел шаҳридаги аграр университетининг талабаси. Пандемия сабаб у ҳам Қирғизистонга келиб, ўқишни интернет орқали давом эттирмоқда.

Мурат таҳсил олган муассаса 8 февралдан бошлаб талабаларга эшигини очган. Бироқ қирғизистонлик талаба курсдошларининг қаторига қўшилолмаяпти.

«Россиядан Қирғизистонга келгани 15 минг рубль кетган. Энди қайтиб кетишга 60 минг сом керак экан. Бизни талабалар учун бу сумма жуда кўп. Менга ўхшаб Россияга кетолмаётганлар кўп. Қачон кетишимиз номаълум бўлмоқда. Ҳукумат шу муаммони ҳал қилса яхши бўларди. Сабаби бизни ўқишимиз тўхтаб қолди».

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумоти бўйича пандемия бошлангандан бери 60га яқин давлатдан 30 мингга яқин қирғизистонлик юртига қайтган. Норасмий маълумотга кўра, бу сон 100 мингдан ортиши айтилмоқда. Уларнинг кўпчилиги – Россияда юрганлар. Энди уларнинг кўпи қайтиб Қирғизистондан кетишга ҳаракат қилишмоқда.

«Қирғизистондан иш топмадик»

Азат Касимов Москва шаҳрига 5 февралда учиб кетди. У Қирғизистонга пандемия бошланганда келиб, сўнгги 10 ой ичида доимий иш излаб кўрган. Азатнинг айтишича, ойлиги 15 минг сомдан ошмаган ишга жойлашгиси келмаган. Сабаби бу сумма бир ойлик харажатни қопламаган.

Касимов ҳозир Москва шаҳрида ишчи кучи етишмаётганини, одамнинг меҳнати олдингига қараганда қиммат баҳоланаётганини билдирмоқда.

«Қирғизистонда 10 ой юриб келсам Москвада кўп нарса ўзгариб кетибди. Хизмат кўрсатиш, қурилиш тармоғида ишчи етишмай қолибди. Ўтган йили иш излаб юрганлар кўп эди. Ҳозир турли жойлардан таклифлар келмоқда. Такси хизматида ишлаган танишлар «тезроқ машина ол» дейишмоқда. Сабаби ҳозир уларнинг иши яхши экан. Москва қандайдир муҳтож экан. Асосан хизмат кўрсатиш тармоғи. Иш кўп, бироқ муҳожирларнинг кўпчилиги чипта қимматлиги сабаб келишолмаяпти».

Шунингдек бахтини бошқа давлатдан излагиси келганларнинг ҳаммаси ҳам Россияни кўзлаб турмади.

28 ёшли Медер Кубаничбек ўғли Дубай ёки Европа давлатларига кетишга ҳаракат қилиб тил ўрганмоқда. У олдин Россияда ярим йилга яқин ишлаб келган.

«Мен ҳозир ошпаз бўлиб ишлаяпман. Кунига 1000 сомга яқин пул топаман. Топганим озиқ-овқат, кундалик харажатлардан ошмайди. Чет ўлкага бориб ишласам уй қуриб, уйланмоқчиман. Ҳозир шартнома асосида Дубай, Қатар, Туркия ёки Европа давлатларидан иш таклиф қиладиган компаниялар билан сўзлашяпман. Қирғизистоннинг ойлиги билан ҳаётни яхшилаш оғир бўлмоқда».

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг маълумоти бўйича, 2020 йили ишсизларнинг сони аввалги йилларга қараганда 4 фоизга кўпайган.

2019 йили ишсизларнинг сони 94 минг кишини тузса, 2020 йилнинг бошидан шу кунгача 98 700 кишига етди. Бу расмий рўйхатдан ўтганлари. Рўйхатдан ўтмаган ишсизларнинг сони бу кўрсаткичдан икки-уч марта кўплиги айтилади.

«Замандаш» ассоциациясининг вакили Азамат Айтбаев миграция кундан-кунга ортаётганига тўхталди:

«Қирғизистондан ҳам иш топишга ҳаракат қилса бўлади. Бироқ ойликдаги фарқ осмон билан ердай. Қирғизистондан олган пулинг кундалик турмушдан ошмайди. Москвада 100 минг сомгача топса бўлади. Халқнинг кўпи чет давлатларига кетиши ҳам шундан. Бизга Россия ёки бошқа давлатларга кетишга ёрдам сўраб мурожаат қилганлар кўп бўлмоқда. Ҳукумат бу масалани ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда».

Ҳукумат Россия билан сўзлашмоқда

Рус ҳукумати пандемия вақтида хорижликларни ўлкага киришини чеклаш мақсадида №635 қарор қабул қилган. Унга кўра, хоҳлаган фуқаро Россияга кира олмайди. Россияга кириш учун «зарур иш сабаб учмоқда» деган ҳужжат талаб қилинмоқда. Ҳозир бир ҳафтада Бишкекдан Москва шаҳрига «асоснома» талаб қилмаган олти рейс бор.

Бишкекдаги авиакомпаниялардан бири билан боғланганимизда бундай рейснинг нархи 66 400 сом эканини айтишди.

Давлат миграция қўмитаси раисининг ўринбосари Самат Токтоболотов Россия билан музокаралар бораётганини айтди.

«Ҳозир Россияга боришнинг икки йўли бор. Бири тўғридан-тўғри, иккинчиси чартер қатновлари орқали. Бевосита қатновларга асосноманинг кераги йўқ. Бугунги кунда қирғиз ҳукумати Россия билан қатновлар сонини кўпайтириш мақсадида музокаралар олиб бормоқда. Биринчи қадар қўйилди. Президент Садир Жапаровнинг биринчи сафари ҳам Москва шаҳрига бўлди. Бу ерда асосий масала қатори авиақатновларнинг иши қаралади».

Иқтисод тармоғи бўйича эксперт Кайрат Итибаевнинг айтишича, миграцияга биргина иқтисодий инқироз эмас, ўлкадаги сиёсий ҳолат ҳам таъсир қилади. Итибаев ишга яроқли, билимли ёшларни чет ўлкага кетиши жуда ачинарли эканини айтди:

«Мустақил бўлгандан бери бўлган завод-фабрикалар тўналиб, Хитойга темир қатори сотиб бўлинди. Натижада инқирозга юз тутди. Ҳозирги кунда Қирғизистонда ёшларга шароит йўқ. Уларнинг кўпи давлатга ишонмайди. Ўлкадаги коррупция, сиёсий вазият ишларнинг ишончини сўндирмоқда. Натижада улар ўқишни тугатиб-тугатмай хорижий давлатларга кетишмоқда».

Бугунги кунда 800 мингга яқин қирғизистонлик чет ўлкаларда ишлаётгани айтилмоқда. Шунингдек миграция бўйича аниқ статистика йўқ. Мутахассисларнинг ҳисоби бўйича бахтини бошқа жойдан излаганлар сони 1 миллиондан ошади.