Олабуқа: Баҳсли дейилган ер 3 йил аввал алмаштирилгани маълум бўлди

330
Олабуқа туманидаги баҳсли ҳудуд. Сурат: Талгат Абдижалил ўғли

Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманининг ўнлаган турғуни 12-февралда қирғиз-ўзбек чегарасидаги аниқланмаган ҳудудга ўзбек томон сим тўсаётганидан норози бўлиб йиғилган.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманидаги Кош-Болот, Кўк-Серек қишлоқларига олиб борувчи йўл. Сурат: Талгат Абдижалил ўғли

Бу ҳақда мазкур туманнинг Кош-Болот қишлоғининг турғуни видео тарқатиб, «чегара шу ердан бўлар экан, ерлар ўзбек томонга ўтиб кетибди» деган.

«Мана бу ерда ўзбек томоннинг солдатлари туради, симларни олиб келиб тўсишмоқда. Бу ерга келинглар», — дегани эшитилади видеода.

Мазкур видео тарқалгандан кейин МХДҚга қарашли чегара хизмати Қирғизистон билан Ўзбекистон чегара вакиллари сўзлашганини маълум қилди.

Шунингдек махсус хизматдан вазият кескинлашмаслиги учун яшовчилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилгунча ўзбек томон тўсиш ишларини тўхтатганини билдиришган.

Бундан ташқари, муассаса ўзбек томонни чегарани тўсишини қонуний деб билдирган. Сабаби мазкур участкалар 2017-йили алмашилганини таъкидлаган.

«Олабуқа туманининг Кош-Болот, Кара-Белес ва Кўк-Серек жойларида делимитацияланган давлат чегараси 2017-йилнинг 5-сентябридаги Қирғиз-ўзбек давлат чегараси ҳақидаги Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги шартномага ва 2017-йилнинг 2-октябрида ратификацияланган №173 қонунга мувофиқ аниқланганини маълум қилади», — деб ёзилади МХДҚнинг билдирувида.

Қабул қилинган қонун ҳукумат сайтида эълон қилинган. Унга ўша вақтдаги президент Алмазбек Атамбаев қўл қўйган ва амалдаги парламент тасдиқлаган. Шунингдек, қонунда икки давлат ўртасидаги «шартномага» илова берилган, бироқ илова ишламагани учун шартномани топишни имкони бўлмаган.

Олабуқадаги чегара масаласи 15-16-февралда ҳукумат уйи олдида ўтган митингда ҳам айтилган. Улар президент Садир Жапаровга мурожаат қилиб, Ўзбекистон ва Тожикистон билан деморкация ишларини олиб боришни талаб қилишган.

Турғунлар ер алмашишдан норози

Кош-Болот қишлоғининг турғуни Сапарали Жолдошов «Азаттык» нашрига чегара участкаларининг кўп қисми Ўзбекистон томонга ўтиб кетмоқда деган фикрни билдирган.

«Олдин ўзбекларни чегараси биз турган жойдан 3 чақирим узоқда эди. Бу йўлдан ҳам олдин қирғизлар қатнаган эди. Ҳозирги чегара чизиғи аҳоли истиқомат қилган ҳудуднинг ичига кирган. Биз чегара чизиғини ортга жилдиришни талаб қиламиз», — деган Жолдошов.

Жайлообай Досбаев ҳам шу қишлоқнинг яшовчиси. У янги чегара чизиғи унинг ҳовлисига келиб қолганини айтди.

«Кўп йилдан бери яшайман. Кеча яқинда келиб белгилаб кетган чегара чизиғининг ичида ҳожатхонам қолди. Болаларим ўйнагани чиқиб шу ерга келиб қолса нима бўлади?» — деб савол берди Досбаев.

Ҳукуматнинг Жалолобод вилоятидаги вакилининг ўринбосари Мамасали Акматов 17-январда Кош-Болот қишлоғининг яшовчилари билан учрашиб, тушунтириш ишлари олиб боргани маълум қилинди.

Учрашувда талаш бўлган участкалар олдин аниқланганини ва икки давлат ўртасида музокаралар бўлгани айтилган. Бундан ташқари, Кўк-Серек қишлоқ ҳукуматидаги Кош-Болот қишлоғининг Кара-Белес участкасидан 61 гектардан ортиқ ер майдони Қирғизистон ҳудудига ўтказилгани айтилган.

Ер ресурслари бўйича давлат агентлигининг директори вазифасини бажарувчи Абдулат Мурзаевнинг айтишича, Олабуқа туманидаги Кара-Белес участкаси юридик ҳужжатлар бўйича Ўзбекистонга тегишли бўлган. Абадан участкаси эса Қирғизистонга тегишли бўлгани билан ундан ўзбек томон фойдаланиб келган.

«Кейин музокаралар натижасида Абадан участкасидан 14,37 гектар ер майдони уларга ўтган. Бу ерда айтиб қўйиш керак, уйлар бор ерлар ўтмаган ёки одамлар фойдаланаётган ерлар ўтмаган, бўш ерлар алмашилган [Бундан ташқари, Алмабел участкасидан 24,26 га ер Ўзбекистонга берилган] Қирғизистон 61,63 гектар ернинг ўрнига 38,4 га ерини бериб алмашдик», — деган Мирзаев.