Матраимов билан бирга судланган икки божхоначи 260 минг сомдан жаримага тортилиб, озод қилинди

285
Райимбек Матраимов  суд мажлисида

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Жануби-ғарб ва Шимоли-шарқ божхонасининг собиқ етакчилари Нурлан Раджабалиев ва Абдибахаб Боронбаевни «Коррупция» моддаси бўйича айбдор деб топди. Суд собиқ божхоначиларга 260 минг сомдан жарима солди.

Раджабалиевнинг ишини судья Мирлан Термечиков кўрган, Боронбаевга эса ҳукмни судья Таалай Турсунбеков чиқарди.

Суд ҳукмига кўра, Боронбаев ва Раджабалиев 2015-2017 йиллари божхонада раҳбарлик лавозимларини эгаллаб, Райимбек Матраимов билан коррупция схемаларини тузган.

*Матраимов божхона хизмати раисининг ўринбосари бўлиб 2015-2017 йиллари ишлаган.

Айбланувчилар тергов вақтида айбини тан олиб, ҳамкорликка рози бўлишган. Шунингдек, айбланувчилар Райимбек Матраимовга қарши кўрсатма бериб, Боронбаев 8 млн сом, Раджабалиев эса 12 млн сомлик зарарни тўлагани айтилган.

Боронбаевнинг кўрсатмаларига кўра, Матраимов Жануби-ғарб ва Шимоли-шарқ божхона пунктларидан Хитойдан келган транзит юкларни Ўзбекистон ва Тожикистонга «тўсқинликсиз» ўтказиш учун пора олиб юрган.

«Шундай қилиб, тўлашга рози бўлганлар билан юкнинг турига қараб тахминий нарх қўйилган. Масалан: мева-чева ташиган машинага 100дан 300 АҚШ долларигача, ускуналарга 200дан 500 АҚШ долларгача, халқ истеъмол молларига 1000дан 1800 АҚШ долларгача. Ўрта ҳисоб билан бир машинадан 500-1000 АҚШ доллари олинган», — деб берилади ҳукмда.

Бунга қадар тергов мазкур коррупция схемасидан Райимбек Матраимов 2 млрд сомдан ортиқ фойда кўрганини аниқлаган. Кейинчалик Матраимов бу зарарни ўрнини тўлдириб, у терговга ёрдам бергани учун 260 минг сом жаримага тортилган.

*Жиноят кодексига кўра, агар Матраимов тергов билан ҳамкорликка рози бўлмаганда у камида 10 йилга озодликдан маҳрум бўларди.

Шунингдек, Матраимов Нурлан Раджабалиев билан Абдибахаб Боронбаевга қарши кўрсатма берган.

Бироқ бу Матраимовнинг иши ёпилганини билдирмайди, сабаби Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси агар собиқ божхоначининг чет ўлкадаги мулклари топилса, тергов давом этади деб ишонтирган.

Журналистик суриштирув

Матраимов «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқариб кетган 700 млн доллардан ортиқ маблағ ҳақида журналистик суриштирувнинг асосий фигурантларидан бири. Журналистлар кўп йиллар давомида Қирғизистон ҳудудидан контрабанда ташиб ўтишга йўл берган коррупциявий схемани очиқлаган.

Бу иш бошида турган хитойлик тадбиркор Хабибулла Абдукадирнинг собиқ президентлар Алмазбек Атамбаев ва Сооронбай Жеэнбеков билан бирга тушган суратлари бор.

Суриштирувда журналистлар бу контрабанда схемаси борлигини исботлашган, манбаларнинг бири эса Аеркен Саймаити у қандай ишлашини айтиб берган. Шунингдек у божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияни яширганини, бу ўз навбатида яширин бизнесни ишлашини таъминлаганини билдирган.

Саймаити журналистларга ҳужжатларни бериб, шахсан ўзининг ёрдами билан Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ маблағ чиқарилганини айтиб берган. Кейин финпол бу маълумотни тасдиқлаб, суммани млрддан ошади деб билдирган. Саймаити суриштирув чиққунча, 2019 йилнинг ноябрь ойида Истанбулдаги кафеларнинг бирида ўлдирилган.