ОАВ: собиқ президент Сооронбай Жээнбеков умрадан қайтди

337

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков 15-февралда Қирғизистонга қайтиб келди. Бу ҳақда «Kaktus media» нашрига Жээнбековнинг яқин одамлари билдирган.

Жээнбеков бундан 13 кун олдин Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига умра сафарига кетган эди. Бу сафарга Саудия Арабистони раҳбарининг таклифи билан кетгани хабар қилинган.

Жээнбеков натижаси бекор қилинган сайловдан кейинги тартибсизликлардан сўнг 2020-йилнинг 15-октябрида истеъфога чиққан. У буни «қон тўкилмаслиги учун» ва «халқнинг тинчлиги муҳим экани» билан тушунтирган — сабаби амалдаги президент Садир Жапаров ва унинг тарафдорлари буни талаб қилишган эди.

Кейинчалик Жээнбековга «собиқ президент» мақоми берилган.

Собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақида

Юрист Замир Жоошев 3-февралда ИИВга Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақида ариза берганини билдирган. Шу билан бирга Жоошев собиқ президентни сўроққа чақиришни сўраган.

Адвокат Жээнбеков Саудия Арабистонидан қайтиб келгунича прокуратура билан ИИВ уни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш учун «ҳеч бўлмаса ярим ишни» бажаришларидан умид қилишини таъкидлаган.

Аввалроқ Жоошев 5-6-октябрдаги митингларда жабрланганлар Жээнбековни жавобгарликка тортиш ҳақидаги аризасини Бош прокуратурага юборишганини маълум қилган эди.

Улар собиқ президент Сооронбай Жээнбековни «ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходимларига митингчиларни куч билан тарқатишга буйруқ берган» деб ҳисоблаб, жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Бундан ташқари, улар бу ҳаракатлари учун Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш керак деган фикрда.