Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг раҳбари Камчибек Ташиевнинг юраги операция қилингандан кейин ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон президенти ва Ташиевнинг яқин дўсти Садир Жапаров ўзининг телеграм-каналида билдирди.
24.kg нашрининг маълумотига кўра, Ташиевга тромбектомия — тромни олиб ташлаш операцияси бажарилган. Шунингдек амалиёт Германиядаги клиникаларнинг бирида қилингани маълум.
«Операцияга Берлин вақти бўйича соат 8:00да кириб, соат 18:30да ҳушига келди (Бишкек вақти бўйича 13:00дан 23:30гача). Операция 3 соат давом этган. Камчибек Кидиршаевич: «Халқимдан миннатдорман. Менинг ҳаётимни Оллоҳим ва халқимнинг дуолари сақлаб қолди. Иккинчи марта туғилдим шекилли. Эндиги ҳаёт менга халқимдан совға. Демак, мен ҳам халқимга муносиб хизмат билан, халқимга меҳнатим билан жавоб бераман!» деди» — деб ёзди «Регион» телеканалининг директори Ўткурбек Рахманов фейсбук саҳифасида.
МХДҚ раиси чет ўлкага 6 февралда учиб кетган. Бироқ унда Ташиев касалликнинг ташхиси ва жарроҳлик амалиёти қайси давлатда бўлиши ҳақида айтмаган.
2020 йилнинг ноябрь ойида Ташиев юрак касаллиги сабаб касалхонага тушган. У касалхонада уч кун бўлган.