ОАВ: Шикмаматов Инвестициялар бўйича агентликнинг директори бўлди

267
Алмамбет Шикмаматов

Собиқ депутат Алмамбет Шикмаматов Инвестицияларни ривожлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича агентликнинг директори этиб тайинланди. Тегишли буйруққа премьер-министр Улукбек Марипов 11 февралда қўл қўйди.

Маълумотни Шикмаматов «Vesti.kg» нашрига ўзи тасдиқлади. «24.kg» нашри маълум қилишича, агентлик депутатларнинг ташаббуси билан янгидан тузилиб, президент тасарруфига ўтказилади.

Шикмаматов президентлик сайловида Садир Жапаровнинг Норин вилояти бўйича штабини бошқарган. Ўтган йили парламент сайловига у «Бир Бол» партияси рўйхатида саф бошида бўлган.

2015 йили у «Ата Мекен» партиясидан Жогорку Кенешнинг олтинчи чақирилишига сайланиб, 2017 йилдан бошлаб фракцияни бошқарган. 2019 йилнинг декабрь ойида Шикмаматов партия лидери Ўмурбек Текебаев билан «келишмовчилик» сабаб мандатини топшириб, «Ата Мекен»нинг рўйхатидан чиққан.