Марипов Тўрткўл сув омбори бўйича яна нимани нотўғри айтиб қўйди?

343

Премьер-министр Улукбек Марипов 7 февралда видео мурожаат билан чиқиб, ҳукумат Баткен вилоятидаги Тўрткўл сув омборини стратегик объектлар рўйхатига киритиш тез кунда Хавфсизлик кенгашига таклиф қилинишини билдирди.

«Тўрткўл сув омбори, кейин «Головной» [Тўрткўл канали] бўйича ҳам бизда ҳозир бошқача фикр бор. Тез кунларда Тўрткўл сув омборини ҳамда унинг «Головной»ини стратегик объектларга киритиш бўйича иш бошланди. Буни биз ҳурматли президентимизга, Хавфсизлик кенгаши котибиятига таклиф қиламиз», — деди Марипов.

Бироқ бунга қадар ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Жанибек Жалалов Тўрткўл канали «стратегик аҳамиятга эга объект» эканини ва у Қирғизистоннинг ички ҳарбийлари томонидан назорат қилинишини билдирган. Шунингдек Жанибеков сув омборининг стратегик аҳамиятини яна бир поғона кўтариш бўйича таклиф» берилганини қўшимча қилган.

*Ҳукуматнинг 2014 йили қабул қилинган №99 қарорига мувофиқ, давлат стратегик объектлари «жуда муҳим» (А), «муҳим» (Б) «жиддий» (В) деган категорияларга бўлинган. Тўрткўл сув омбори Б категориясидаги «муҳим стратегик объектлар» рўйхатига кирган.

Ҳукуматнинг Баткендаги вакиллигининг матбуот котиби Чолпон Бердикулова «Клооп»га билдиришича, ҳукуматга сув омборини стратегик объектларнинг «А категорияси»га ўтказиш таклиф қилинган.

«Ўзгача муҳим стратегик объектлар бу «А категорияси» бўлиб ҳисобланади. Шу сабаб [Тўрткўл сув омборини «А категорияси»га] ўтказиш бўйича бизни таклиф берилган, ҳозир ҳукумат шуни кўриб чиқмоқда», — деди Бердикулова.

Сув ресурслари давлат агентлигининг директори Кўкумбек Таштаналиев «Клооп»га Тўрткўл сув омборини «жуда муҳим аҳамиятга эга стратегик объектилар» рўйхатига киритиш таклиф қилинаётганини тасдиқлади. Шунингдек, Таштаналиев сув омборига сув қуйган «Головной» канали ҳам ҳозирча Б категориясидаги стратегик объектга киришини айтди.

«Қирғизистонда жуда муҳим аҳамиятга эга стратегик объект қатори Кировский, Ўрта тўқай, Попон ва Олабуқадаги Косонсой сув омборлари рўйхатга кирган. Ҳозир [Тўрткўлни] бешинчи қилиб киритмоқчимиз [...] «Головной» қурилмаси [Тўрткўл сув омбори] комплекси ҳам. Иккиси ҳам киритилади», — деди Таштаналиев.

Мариповнинг норозиликка сабаб бўлган билдируви

Тўрткўл сув омбори

Улукбек Марипов Жогорку Кенеш йиғинида Тўрткўл сув омборига қуйилган каналнинг боши Тожикистонга ўтиб кетганини билдирган. Бу билдирув маҳаллий турғунлар орасида норозиликка сабаб бўлган. Баткен вилоятининг яшовчилари Мариповнинг сўзлари бўйича расмий тушунтириш беришни талаб қилган.

Эртаси куни, 4 февралда, ҳукумат аппаратининг ахборот билан таъминлаш бўлими Тўрткўл сув омборига қўшилган каналлар Қирғизистонга тегишли бўлганини билдирган.

5 февралда 100лаган одам ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакиллиги олдида норозилик акциясини ўтказишган. Улар Марипов янглишганини тан олиб, кечирим сўрашини талаб қилишган.

Премьер-министр 7 февралдаги мурожаатида Тожикистонга «Головной» канали эмас, «500-600 метр юқори турган қўшни давлатга тегишли» Қайирма канали ҳақида айтган деб аниқлик киритди.

Бироқ 8 февралда ҳукумат уйи олдида Мариповнинг мурожаати бўйича митинг бўлди. «Чегара назорати» бирлашмасининг фаоллари Мариповнинг охирги мурожаати «етарли бўлмаганини» айтиб, кечирим сўрашини талаб қилишди.

Сурат: «Кактус» нашри

«Қандай миқёсда, қайси платформада, қайси трибунада сўзласа ҳам қонун-қоидасига мувофиқ депутатларнинг, халқнинг олдида расмий баёнот берсин. Блогерга ўхшаб, ижтимоий медиага ёзгани бўлмайди. Стенограммани қарайдиган бўлсак, бу ерда Қайирма ҳақида гап бўлмаган. Марипов Интертдаги билдирувида Қайирмани айтяпти, бироқ Жогорку Кенешда сув омборининг бошини айтган», — деб билдирди «Азаттык»қа фуқаровий фаол Гулжигит Исаков.

Исаков Қайирма канали ҳам Қирғизистонга қарашли деб таъкидлади.

Тўрткўл сув омбори — Баткен вилояти ҳудудида 1972 йили қурилган. Унинг ҳажми 90 млн кубни ташкил қилади ва узунлиги 5 км. Мазкур сув омбори Баткен туманидаги ва Баткен шаҳридаги 11 минг гектардан ортиқ ҳайдов ерларини сув билан таъминлайди.

1991 йилдаги Қирғизистон ва Тожикистон билан сув бўлиштириш шартномасига кўра, Тўрткўл канали сувининг 37%и Қирғизистонга, 63%и Тожикистонга кетади. 2014 йили сувни бўлиштиришда икки давлатнинг аҳолиси орасида жанжал чиқиб, бу отишув билан тугаган. Шу сабаб сув омбори Қирғизистоннинг ИИВ томонидан назоратга олинган.