Қорасув: 81 ёшдаги қарияни калтаклаган киши олти йилга кесилди

262

Ўш вилоятининг Қорасув туман суди 81 ёшдаги пенсионерни калтаклаган кишини олти йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм Олий суднинг сайтида эълон қилинди.

36 ёшли айбланувчи «Соғликка жиддий зарар келтириш» ва «Ҳукумат вакилини қўрқитиш ёки унга нисбатан зўравонлик» моддалари билан айбдор деб топилди. Бундан ташқари, унга 70 минг сом жарима солинди.

Айбланувчи 2020-йилнинг 14-августида жабрланувчини дўконнинг олдида калтаклаган. Жиноят кузатув камераларига тушиб қолган. Қария 18-августда касалхонага мурожаат қилгандан сўнг шифокорлар милицияга хабар беришган.

Қорасув ТИИБи бу воқеа бўйича олдин «Бебошлик» моддаси билан судгача текширувни бошлаб, гумондорни 25-августда ўз уйида қўлга олган. Қўлга олиш вақтида у қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб, ҳуқуқ тартибот ходимининг бирини жароҳатлаган.

Суд мажлисида айбланувчи шу куни маст ҳолда қарияни калтаклаганини тан олиб, бироқ милиция ходимларига зўравонлик қилмаганини билдирди. Унинг айтишича, ҳуқуқ тартибот органлари унинг уйига келиб, ҳеч нарсани тушунтирмасдан куч ишлатишган.

Тергов вақтида 36 ёшли турғун аввал уч марта «Ўғирлик» ва «Мол ўғирлаш» моддалари билан судлангани маълум бўлди.