Бишкек мэрияси: Мактаблар ҳозирча тўлиғи билан офлайн режимга ўтмайди

312

Бишкек мэрияси мактаб ва болалар боғчаларининг ишини офлайнга ўтказишдан бош тортди. Матбуот хизмати билдиришича, бу қарор эпидемиологик вазият сабаб қабул қилинган.

Бугунги кунда 1,5,9 ва 11-синфнинг ўқувчилари аввалги тартибда ўқишмоқда. Бошқа синфлар қачон мактабга бориши номаълум.

«Эпидемиологик ҳолат бироз яхшилангани билан қувонишга ҳали эрта. Шу сабаб қолган мактаб ўқувчилари билан болалар боғчаларини анъанавий тартибда ўқитишни бошлаш қарорини вақтинча тўхтатиб туришга қарор қилдик», — деб билдирди матбуот хизмати.

Мэрия билдиришича, COVID-19га қарши кураш давом этмоқда.

«Бу орада таълим бошқармасининг ходимлари, тиббиёт ходимлари ва эпидемиологлар билан бирга вазиятни диққат билан назорат қилиб, пандемия вақтидаги ўқув жараёнини мониторинг қилиб келдик», — деб ёзади матбуот хизмати.

Мэрия шаҳар турғунларига мурожаат қилиб, буни тўғри тушунишга, ижтимоий тармоқдаги ва мессенжердаги фейкларга ишонмай, маълумотни расмий манбаалардан аниқ топиб ўқишни сўради.