Жапаровнинг инаугурацияси 28-январда филармонияда ўтади

Президентлик сайловида ғолиб бўлган номзод Садир Жапаровнинг инаугурацияси 28 январда бўлади. Бу ҳақда «Клооп»га президент аппаратининг матбуот хизмати етакчиси Нургази Анаркулов маълум қилди.

Унинг айтишича, кўкрак нишони ва штандарт топшириш маросими Бишкекдаги Тоқтоғул Сатилганов номидаги Миллий филармонияда ўтади.

«Бугун ташкилий қўмита тузилди. Инаугурацияга боғлиқ масалаларнинг барчасини қўмита ҳал қилади. Тадбирга тайёргарликда эпидемиологик ҳолат ҳисобга олинади. Меҳмонларга COVID-19га ПЧР таҳлил топшириш мажбурияти қўйилиши мумкин», — деди Анаркулов.

Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизмати 10 январда ўтган муддатсиз президентлик сайловининг натижаси тасдиқланганини хабар қилган.

Унга кўра, номзод Садир Жапаров сайловчиларнинг 79,2% овозига эга бўлган.

“ Жапаров Садир Нургожоевичга Қирғизистон Республикасининг Президенти бўлиб сайлангани ҳақида тасдиқнома, ўзгача белгилари – Қирғизистон Республикаси Президентининг кўкрак нишони ва фамилияси, исми, отасининг номи, ваколатларининг муддати ёзилган Штандартни (байроғи) топширилсин», – деб билдирган МСК.

2021 йилнинг 10 январида ўтган муддатсиз президентлик сайлови 4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижасидан кейинги сиёсий инқирознинг оқибати. Унда ўлкадаги тартибсизликлар вақтида гаровга олиш моддаси билан судланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган сиёсатчи Садир Жапаров колониядан бўшатилган.

Садир Жапаров тарафдорларининг ёрдами билан қисқа вақт ичида премьер-министр, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлган. Жапаров ҳукуматга келгандан кейин бир қанча кадр алмашинувини амалга оширган.

МХДҚнинг раҳбарлигига сафдоши Камчибек Ташиевни тайинлаган. Яна бир яқин дўсти Талант Мамитов Жапаров Жогорку Кенешнинг раиси, сўнгра президент вазифасини бажарувчи бўлган.

Кадр алмашувларидан ташқари, Жапаров бошқарув формасини аниқлаш ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилганлардан бири. Бу ташаббуслар жамоатчилик ва юристлар томонидан танқид қилинган.

Шунга қарамай, бошқарув формасини аниқлаш бўйича референдум 10 январда – муддатсиз президентлик сайлови билан бир кунда ўтган. МСКнинг дастлабки натижаларига кўра, кўпчилик сайловчилар президентлик бошқарув формаси учун овоз беришган.