Садир Жапаров премьерликни топшириб, ҳукумат истеъфога кетди

301

Президент вазифасини бажарувчи, раис Талант Мамитов Садир Жапаровнинг премьер-министрлик ваколатларини тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолади.

Аввалроқ МСК 10-январда ўтган президентлик сайловида Садир Жапаров ғолиб бўлганини расмий эълон қилган эди. Шу сабаб Жапаров премьер-министрнинг ваколатларини тўхтатиш ҳақида ариза берган.

Фармонга мувофиқ, ҳукуматнинг ишлаётган таркиби хизматидан кетди деб ҳисобланади ва улар ҳукуматнинг янги таркиби тузилгунча вазифаларини бажаради.

*Ҳозирда ишлаётган қонун бўйича ҳукумат истеъфога кетгандан кейин унинг янги таркибини парламентдаги кўпчилик коалиция тузиб, Жогорку Кенеш маъқуллайди.

Парламент депутати Ўмурбек Текебаев президентлик сайловида кўп овоз олган номзод Садир Жапаровни сайланган президент ва премьер-министр бўлиб туриши ноқонуний эканини билдирган. Шунингдек, Жапаров инаугурациягача ҳукумат раҳбарлигини топшириши кераклигини таъкидлаган.

10-январдаги президентлик сайлови билан бирга давлат бошқарув формасини аниқлаган референдум ҳам ўтди. МСКнинг сўнгги маълумоти бўйича овоз берганларнинг 81,49%и президентлик бошқарув формасини танлашган.

Садир Жапаровнинг инаугурацияси 28-январда Бишкекдаги Тоқтоғул Сатилганов номидаги қирғиз миллий филармониясида бўлади.

Садир Жапаровни ҳукуматга келиши

2021-йилнинг 10-январида ўтган муддатсиз президентлик сайлови 4-октябрда ўтган парламент сайлови натижасидан кейинги сиёсий инқирознинг оқибати. Унда ўлкадаги тартибсизликлар вақтида гаровга олиш моддаси бўйича судланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган сиёсатчи Садир Жапаров колониядан бўшатилган.

Садир Жапаров тарафдорларининг ёрдами орқали қисқа вақтда премьер-министр, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлган. Жапаров ҳукуматга келгандан кейин бир қатор кадр алмашинувларини амалга оширишга етишган.

МХДҚнинг раҳбарлигига сафдоши Камчибек Ташиевни тайинлаган. Яна бир яқин дўсти Талант Мамитов Жогорку Кенеш раиси бўлиб, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлган. Кадр алмашинувидан ташқари, Жапаров бошқарув формасини аниқлаш ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилганлардан бири. Бу ташаббуслар жамоатчилик ва юристлар томонидан танқид қилинган.