МХДҚ таниқли криминал авторитет «Қашқирни» қўлга олди

292

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Қашқир» лақаби билан танилган криминал Мурсалим Умирзаковни қўлга олди. Бу ҳақда «24.kg» нашри шахсий манбаларига таяниб билдирди.

Ҳозирда Умирзаков қайси иш асосида ушлангани номаълум.

45 ёшдаги Мурсалим Умирзаков «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг аъзоси. Умирзаков 2010 йили «Ўғирлик»да айбланиб, Бишкекнинг Ленин туман суди томонидан 5 йилга кесилган. Бироқ у 2012 йили муддатидан олдин шартли равишда озод қилинган.

Кейинчалик 2013 йили ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Қашқир» Россияга чиқиб кетганини аниқлаб, уни қидирувга беришган. Умирзаков Россияга кетгунга қадар криминал Азиз Батукаев 2013 йили «оғир лейкоз қон касаллигига» чалинди деган тиббий хулоса асосида муддатидан олдин озод қилиниб, Чеченистонга учиб кетган.

«Қашқир» 2013 йилнинг ноябрь ойида қўлга тушиб, Қирғизистонга етказилган. 2015 йили унинг жазо муддати тугаб, Москвага учиб кетган. Россиялик «ПраймКрайм» нашри Умирзаков Азиз Батукаев томонидан тож кийдирилиб, «қонундаги ўғри» мақомига эга бўлганини ёзган.

Кўп ўтмай, Умирзаков гиёҳванд моддалар билан ушланиб, Москвадаги Бутырск тергов изоляторига етказилган. У ердаги криминаллар Умирзаков «қонундаги ўғри» бўлмаганини билдириб, уни «ўзига ёлғон ном берувчи» деб атаган.

Бундан ташқари, Умирзаков ўзи «қонундаги ўғри» мақомидан 2017 йили Архангелск шаҳридаги колонияда бош тортган.

2018 йилнинг июнь ойида «Қашқир» Қирғизистонга олиб келинган. Унга Россияга кириш тақиқланган.