Қирғизистон — Россия йўналиши бўйича авиабилетнинг нархи камида икки баробарга ўсди — Транспорт вазирлиги

288

Транспорт вазирлигининг маълумоти бўйича, Қирғизистон — Россия йўналиши бўйича ҳаво қатновларининг нархи камида икки марта кўтарилди.

Economist.kg нашрининг маълумотига қараганда, пандемиягача Бишкек — Москва — Бишкек йўналиши бўйича ҳар ҳафтада 30дан ортиқ доимий парвозлар амалга оширилган, ўша вақтда чипталарнинг ўртача баҳоси 12 минг сом атрофида бўлган.

Бугунги кунда чиптанинг нархи 25 минг сомдан қиммат, яқин орада бўладиган парвозлар баҳоси эса 40 мингдан 50 минг сомгача.

Вазирлик билдиришича, нархларнинг кўтарилиши ҳозирги ҳаво қатновларининг сони (ҳафта давомида жума кунлари бир марта) эҳтиёжни бартараф қилолмагани сабабли.

«Доимий ҳаво қатновларининг сони чекланган бўлиб, парвозларга талаб кўплиги авиачипталарни қимматлашига олиб келди. Бу авиа йўловчилар орасида ижтимоий зиддиятни юзага келтирмоқда», — деб билдиришди муассасадан.

Вазирлик маълумотига кўра, Қирғизистон — Россия йўналиши бўйича чартер ва доимий рейсларни амалга оширган самолётлар 95% тўлади. Бу Россияга кетувчи рейсларга эҳтиёж юқори эканини билдиради.

Фуқаровий авиация агентлигининг директори Сталбек Шаршеев 18 январда ўтган матбуот анжуманида қатновларнинг сони кўпайиши билан авиа чипталарнинг баҳоси арзонлашини таъкидлади. Унинг айтишича, фуқаровий авиация агентлиги нархлар пандемиягача бўлган вақтда бўлади деб кафолат беролмайди, сабаби авикомпанияларкатта зарар кўришган. Бироқ Қирғизистон Россияга бўлган чипталарнинг нархини арзонлатиб, парвозлар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилади.

У Россияга ишга жойлашиш учун кетишни истаган қирғизистонликларга чақирув қоғози ва квалификация ҳақидаги маълумотнома асосида учишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Шаршеев фуқароларни маълумот олишга ёрдамлашаман деган субагентларга ишонмасликка чақирди, сабаби учишда муаммолар юзага келиши мумкин.

Икки давлат ўртасидаги авиақатновлар

Россия Қирғизистон билан авиақатновни 21 сентябрдан бошлаб тиклаган. Бу вақтда Россиянинг коронавирусга қарши штаби самолётлар Бишкекка ҳафтада бир марта бўлишини билдирган.

Қатновлар очилгандан кейин «Аэрофлот» офиси олдида Россияга чипта сотиб олишни истаганлар билан уни алмаштиришни истаганлар сони ортган. Уларни офисга рўйхат билан киритиб, айримлар бир неча кун навбат кутишига тўғри келган. Бундан ташқари, чипта нархи анча қимматлаб, 25 минг сомдан 130 минг сомгача етган.

Икки давлат ўртасидаги ҳаво қатновлари ўтган йилнинг баҳор ойларида пандемия сабаб тўхтатилган –шундан бери кўпинча Қирғизистонга қайтган қирғизистонликларни ташувчи самолётлар қўниб турган.

Россияда юз минглаган қирғизистонлик ишлайди, уларнинг кўпи икки давлат ўртасида самолёт билан қатнашади. Шу сабаб ҳаво чегаралари очилиши билан чипталарга бўлган эҳтиёж кескин кўпайган.

ИТАР-ТАССнинг маълумотига кўра, Россиянинг «Урал ҳаво йўллари» номли энг йирик авиакомпанияларидан бири 2019 йили 9,5 млндан ортиқ йўловчини ўз манзилига етказган.