Матраимовнинг “ўкул боласи” 1 млн сомдан ортиқ зиённи тўлаб уй қамоғига чиқди

299

Ўш шаҳар суди 13-январда Қорасув туманидаги Савай қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Мунарбек Сайпидиновнинг эҳтиёт чорасини кўриб чиқиб, уни икки ойга уй қамоғига чиқариш қарорини қабул қилди.

Ўш вилоят судининг матбуот хизмати билдиришича, Сайпидиновга Савай қишлоғидаги уйидан ташқарига чиқиш тақиқланди ва терговнинг биринчи чақируви билан келишга мажбур.

«Қарор қабул қилишда гумондорнинг доимий яшаган ери аниқланиб, келтирилган 1 млн 33 минг 700 сомлик моддий зарар тўлиғи билан тўлангани ва оилавий аҳволи ҳисобга олинди. Гумондорга қўйилган чекловларнинг бажарилиши Ўш ШИИБ раҳбари зиммасига қўйилган», — деб маълум қилди муассаса.

Сайпидиновнинг оқловчиси Динара Турдумаматова «Азаттык» нашрига унинг мижози қўйилаётган айбларни инкор қилганини билдирган. Шунингдек, Турдумаматова ҳам икки ой тергов бўлишини таъкидлаган.

Сайпидинов «Лавозимини суиистеъмол қилишда» гумон қилиниб икки кун олдин қўлга олинган эди. МХДҚнинг матбуот хизмати «Сайпидинов айрим масъул одамлар билан биргаликда Савай қишлоғидаги мактабнинг спорт зали сифатсиз қурилишига қарамай фойдаланишга топширган ва уни қуришда ишнинг кўлами 1 млн сомдан ортиқ кўрсатилган» деб билдирган.

Бундан ташқари, Сайпидинов Ўш шаҳри ва вилояти ҳудудида жиноий гуруҳ тузиш факти бўйича гувоҳ қатори сўроқ қилинган.

Мунарбек Сайпидинов

Савай қишлоқ кенгашининг бир неча депутати Сайпидинов жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Улар Сайпидинов ҳудудга қарашли ерларни сотилишига йўл бериб, бюджетдаги маблағни ноқонуний бўлиштириб олган деб айблашган. Бироқ Сайпидинов бу айбларни инкор қилган.

Мунарбек Сайпидинов — божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг вакил ўғли. У 2016-йили Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукумати раҳбари этиб тайинланган.

Сайпидинов иш кабинетига вакил отасининг суратини илиб олгани билан жамоатчиликнинг эсида қолган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Сайпидиновнинг Дубайда дам олиш вақтида тасвирга олинган видеоларини бўлишиб, қизғин муҳокама қилишган.

Интернет фойдаланувчилари қишлоқ ҳукуматининг раҳбари видеодаги қилиқлари билан давлат ходими этикасини бузган деб ҳисоблашган.

Шунингдек Сайпидиновнинг бу ҳаракати бўйича ҳукумат аппарати томонидан тузилган махсус комиссия хизмат этикасига мос келмаганлиги сабаб махсус огоҳлантириш берган.

Матраимовнинг иши

Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқариб кетилган 700 млн доллардан ортиқ маблағи ҳақида журналистик суриштирувининг асосий фигурантларидан бири.

МХДҚнинг ходимлари Матраимовни 20-октябрда қўлга олишган. Маҳсус хизматнинг маълумотига кўра, Матраимов ва бошқа хизмат ходимлари 2016-йилдан бери давлат божхонаси системасида коррупция схемасини тузиб, ишлатиб келишган.

Бироқ шу куни Матраимов уйига чиқарилгани маълум бўлган. МХДҚ собиқ божхоначи тергов билан шартнома тузиб, 2020-йилнинг охиригача давлат ғазнасига 2 млрд сом тўлаб беришни ваъда қилганини билдирган.

Аввалроқ МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов давлатга 2 млрд сомлик зарарни тўлиқ тўлаб берганини билдирган. Бу сумманинг кўпини, аниқроғи 1,4 млрд сомни Матраимов Молия вазирлигининг махсус ҳисобига ўтказган, қолганини савдо маркази ва 9 уй шаклида берган.

Матраимовнинг иши бўйича тергов тугамаган — МХДҚнинг божхона раҳбарининг ўринбосари хизматидан бўшатилгандан божхона тармоғидаги коррупцияга алоқаси бор-йўқлиги текширилмоқда. Терговчилар уни Россия, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон — халқаро контрабанда билан бўлган алоқасини текширмоқда.