Ўш шаҳридаги «Цифровик» уяли телефонлар сотилувчи дўконни тўнаган ўзбекистонлик тўрт фуқаро қўлга олинди. Улар ҳозирда Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг вақтинча сақлаш жойига киритилди.
Ўш ШИИБининг матбуот хизмати маълум қилишича, милицияга шаҳарнинг 26 ёшдаги турғуни 8-январда ариза билан мурожаат қилган. У дўконда ишлаётган вақтда ниқобли тўрт киши кириб, қўрқитиб, сотувда турган уяли телефонларни олиб кетишганини айтган.
«Тезкор тергов ҳаракатлари асосида қўлга олинган тўрт гумондор тинтиув қилинган вақтда ёнидан турли русумдаги уяли телефонлар, бир дона буклама пичоқ, "ПМ" русумидаги рақами ўчирилган тўппонча топилиб, олинган буюмларларга тегишли экспертизалар тайинланди. Ўғирланган буюмларнинг бир қисмини сотишга улгуришган», — деб маълум қилишди Ўш ШИИБидан.
Шунингдек, гумондорлар дастлабки сўроқда ўзларининг қилган ишларини тан олиб, Ўзбекистонга кетиш фикри бўлганини айтишган. Бундан ташқари, Қирғизистонга 7-январда ноқонуний ўтишгани аниқланган.
Мазкур факт жиноятларнинг ягона реестрига «Қароқчилик» моддаси билан рўйхатга олиниб, тергов амаллари бормоқда. Шунингдек, уларнинг Жалолобод вилоятидаги шундай қароқчилик фактига алоқаси бор-йўқлиги текширилмоқда.
Бундан беш кун олдин Баткен вилоятининг Қизилқия шаҳрининг 39 ёшдаги яшовчисини тунаб кетган уч киши қўлга олинган. Улар жабрланувчининг уйига тунда ниқоб билан кириб, пичоқ билан қўрқитиб, 100 минг сом пулини ва қимматбаҳо тилла буюмларини олиб кетишган. Гумондорлар вақтинча сақлаш жойига киритилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.