Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «Қирғиз темир йўли» давлат ишхонасининг раҳбариятидан 250 минг доллар талаб қилишда гумон қилиб икки кишини қўлга олди.
Тергов маълумотига кўра, гумондорлар «молия полицияси ишхонани текширади ва раҳбариятига қарши митинг уюштирилади» деб қўрқитиб, «Қирғиз темир йўли»нинг етакчиларидан пул талаб қилишган.
МХДҚнинг коррупцияга қарши хизмати «Қирғиз темир йўли»нинг раҳбарияти берган ариза асосида 8 январда «Таҳдид билан пул талаб қилиш» моддаси билан судгача текширув ишлари бошланган. Шу асосида «М. А.” ва «У. Д.” исмли одамлар қўлга олиниб, МХДҚнинг вақтинча сақлаш жойига киритилди.
«Кактус» нашри шахсий манбаларига таяниб, қўлга тушганлар фуқаровий фаол Мелис Аспеков ва блогер Улан Джураев эканини ёзди. Бу маълумотни «Тазабек» нашрининг манбалари ҳам тасдиқлади.
Мелис Аспеков 30 октябрда президентликка номзод Садир Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича штабининг етакчиси бўлганини айтган. Бу тайинлашгача Аспеков Жапаровнинг кадрлар қароридан норози эканини билдириб, Бишкекнинг марказий майдонига бўз уй тиклаб, очлик эълон қилишини билдирган эди.
28 декабрда Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мошчин МСК ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилиб, Аспеков Жапаровнинг штабига расмий ва юридик томондан ҳам алоқаси йўқлигини ёзган. Лекин Аспеков Садир Жапаровнинг ташвиқот ишларига қатнашиб турган.
Улан Джураев 4 октябрда ўтган парламент сайловига қатнашиб, «Ата Мекен» партиясининг рўйхатида 18чи бўлган.