«Азаттык»: Жапаровнинг тарафдорлари тарқатган маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди

271

WhatsApp мессенжерида «Азаттык» нашрига ва президентликка номзод Садир Жапаровга «қарши чиқаётганларнинг барчасига «Кумтор» жуда катта пул бўлибди» овозли маълумот тарқалмоқда. Аудиони ёздирган киши блогер ва ютуберларга мурожаат қилиб, «халққа маълумот етмаётганини» айтади ва қайсидир видеоларни тарқатишга чақиради.

“«Кумтор» биласизларда қандай эканини. Жапаровга қарши ҳамма ишни қилишмоқда. Миллионлаган доллар пулни бўлишиб, ҳозир Жапаровга қарши қўйишмоқда», — деган у.

«Клооп»нинг журналистлари билдирувни ёздирган одамнинг овози билан ютубер Талант Сагинбаевнинг овозида ўхшашликлар борлигини сезишган. Сагинбаев билан боғланганимизда у мурожаат унга тегишли эканини тасдиқлади.

«Бу 6 октябрдан кейинги воқеада бўлган. Ютуберларнинг гуруҳига аудиони жўнатдим. Уни кимдир тарқатиб юборибди. Буни ҳаммаси айтаётган эди. Халқ айтган. 8 октябрда юборган бўлсам керак. Ўша вақтда «Азаттык», «Клооп» бўладими йўқми Жапаровнинг одамлари ҳақида аниқланмаган маълумотларни чиқариб келишган. Шунга жавоб қатори айтганмиз», — деди Сагинбаев.

Бироқ ютубер аниқ қайси маълумотлар ҳақида сўз бўляпти деган саволга жавоб беролмади. Шунингек, «Кумтор» ишхонаси ОАВларга пул ажратибди деган билдирувини исботлайдиган фактларни келтира олмади. «Клооп» унинг билдирувини ИИВнинг матбуот хизматига текшириш учун юборди.

Сагинбаевнинг ижтимоий тармоқларидан у Жапаровнинг сайлов штабига ишлаётганини кўриш мумкин. У Жапаровнинг ташвиқот учрашувларидан тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириб келади. Унинг фейсбукдаги саҳифасида «Мекенчил» партиясини қўллагани бўйича суратлар бор. Инстаграмда ютуб канали қатори Садир Жапаров номли канални кўрсатган. Сагинбаев бундан ташқари, Жапаровни қамоқдан чиқаришни талаб қилиб келган.

«Азаттык» радиосидан тайёрланган ҳар бир материал журналистиканинг халқаро стандартларига ва бетарафлик принципига жавоб беришини билдиришди.

«WhatsAppдаги сўнгги бу аудиоматериал билан танишдик. Унинг маъноси биз учун тушунарсиз ва умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. «Ўзгартирилган маълумот тарқатяпсизлар» деган томонлар қайси материалда нима ўзгартирилганини аниқ кўрсатиб беришолмайди […] Бизнинг асосий мақсад халққа тўғри, аниқ маълумот етказиш бўлиб саналади. Бошқача бўлиши мумкин эмас», — деб тушунтиришди «Азаттык»дан.

Таҳририятдан 5 октябрдаги воқеалардан кейин «Азаттык» радиосининг номига «ахборот ҳужуми бошланганини» айтишди. Тайёрланган дастурларга нисбатан ижтимоий тармоқларда номаълум фейк аккаунтлар томонидан қоралаш, таҳдид маъносидаги изоҳлар ёзилмоқда.

Шу сабаб радио раҳбарияти Ички ишлар вазирлигига кўриб чиқиб, чора кўриш илтимоси билан мурожаат қилган. Бироқ вазирлик ҳозирча мурожаатга жавоб бермади.

«Азаттык» радиосининг мухбири Садир Жапаровнинг тарафдорларини митингини 9 октябрда жонли эфирда бераётганда таҳдидларга учраган. Номаълум кишилар келиб қўлидан тортиб, оёғига тепиб, акциядан кетишни талаб қилишган. Шунингдек радионинг офисига борамиз деб қўрқитишган.

Эртаси куни Садир Жапаров Region телеканалига интервью бериб, «Азаттык» уни кескин танқид қилаётганини айтган. Шунингдек унинг сўзларини ўзгартиряпти деб айблаган.

Журналистлар ва мустақил медиа ташкилотлар Жапаровнинг сўзлари эркин матбуот учун хавф солмоқда деб баҳолашди. Шунингдек унинг билдирувлари қўрқинчли ва масъулиятсизлик эканини таъкидлашган.