Финполнинг етакчиси Жапикеев қант диабети билан касалхонага тушди

287

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича давлат хизматининг етакчиси Сиймик Жапикеев касалхонага тушди. Бу ҳақда Жапикеев ўзи фейсбук саҳифасида 4 январда билдирди.

 

«Дўстлар, ҳаммаси яхши. Қанд диабети бугун кўтарилиб кетди. Охирги вақтларда соғлигимга кўп куч келмоқда. Диабетни бирорта олим даволай олмади. Ҳеч қаеринг оғримай, бутун органларни ишдан чиқарар экан. Буюрса бир ҳафтадан кейин ишга чиқаман», — деб ёзган финпол раҳбари.

Жапикеев «Чон Казат» партиясидан депутатликка отланган. Мутахассислиги бўйича юрист. 2015 йилдан 2018 йилгача «Кумтор Голд Компани» ёпиқ ҳиссадорлик жамиятининг юристи бўлиб ишлаган.

4 октябрдаги парламент сайловининг натижасидан норози бўлганларнинг митингидан бир кун ўтиб, Жапикеевни Бош прокурор вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида партиядошлари хабар қилган. У бош прокурор қатори Матраимовларга, Жээнбековларга ва Абилгазиевга жиноий иш қўзғалиши ҳақида айтишга ҳам улгурган.

2020 йилнинг 17 октябрида Жапикеев Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича давлат хизматининг етакчиси этиб тайинланган. тегишли буйруққа ўша вақтдаги президент вазифасини бажарган Садир Жапаров қўл қўйди.

«Чон Казат» партиясининг Қирғизистонда таъсирли деб ҳисобланган Матраимовларнинг оиласи билан алоқаси бор деган тахминлар айтилган. Бироқ «Чон Казат»нинг аъзолари бу маълумотни инкор қилиб келишган. Матраимовларнинг оиласи «Клооп», «Азаттик» ва OCCRP журналистларининг суриштирувининг фигуранти бўлган.