COVID-19: Охирги суткада тўрт нафар бемор вафот этди, яна 191 кишидан вирус аниқланди

358

Сўнгги бир суткада коронавирус инфекциясига чалинган тўрт киши вафот этди — учтаси Бишкекда, бири Баткен вилоятида.

Бундан ташқари, охирги бир кеча кундузда COVID-19 вируси 191 одамда аниқланди. Касалликка чалинганларнинг кўпи Чуй вилоятида рўйхатга олинди — 78 киши. Бишкекда 48, Иссиқкўл вилоятида 20, Жалолобод вилоятида 14, Ўш вилоятида 9, Ўш шаҳрида 5, Баткен вилоятида 9, Талас ва Норин вилоятларида тўрттадан одамда коронавирус аниқланди.

Касалликни янги юқтирганлар орасида 9 нафар тиббиёт ходими бор. Бишкек, Ўш шаҳарларида ва Баткен вилоятида иккитадан ходим, Чуй, Жалолобод ва Иссиқкўл вилоятларида биттадан тиббиёт ходимида COVID-19 аниқланди.

Сўнгги суткада 343 бемор касалликни енгиб, уйларига чиқарилди. Касалхонада 1261 бемор даволанмоқда. Уларнинг ичидан 53 бемор ўта оғир аҳволда, яна 369 беморнинг аҳволи оғир дейилмоқда.

Пандемия бошлангандан бери Қирғизистонда коронавирус инфекцияси 80 373 кишида аниқланди. Улардан 74 820 бемор соғайиб, 1348 киши вафот этган. Бундан ташқари, сурункали касаллиги бор бўлишига қарамай COVID-19дан вафот этган яна 400 ўлим статистикадан чиқарилган.