Али Токтакунов Матраимов «ўғирлаган» маблағларининг барини халққа қайтаришни талаб қилди

324

Суриштирувчи журналист Али Токтакунов собиқ божхоначи Райимбек Матраимов коррупция ҳаракатлари билан келтирган зарарни тўлаб бергани ҳақидаги МХДҚнинг маълумотига изоҳ берди. Токтакунов ҳукуматдан 2 млрд сомни эмас, «Клооп», «Азаттык», OCCRP ва Bellingcat биргаликдаги суриштирувда аниқлаган бошқа маблағларни ҳам «қайтариб беришини» талаб қилди.

Токтакунов журналистлар гуруҳи божхоначи Матраимов «тизимдан» юзлаган миллионларни ўғирлаб кетганини, қандай уйларни, қандай савдо марказларини сотиб олганини игна-ипигача кўрсатиб берганини айтди. Суриштирувчи халқаро ҳамжамият Матраимовни божхона тармоғида ишлаган йирик коррупционер деб танишини таъкидлади.

Бироқ МХДҚ 24 октябрда Матраимов фақат 2 млрд сом (25 млн доллар) ўғирлаган ва давлатга уни тўлиқ қайтарди деб ҳисобот берган. Суриштирувчи журналист бунга маъқул эмас.

У Матраимов «ўғирлаган» пулларни ҳаммасини бир кулча билан тенглади. Унинг айтишича, куч тизимлари қайтарган сумма шу кулчанинг бир бўлагига тенг. Токтакунов бу ҳолат ўғрилар учун прецедент бўлиши мумкин деб тахмин қилиб, улар ўғирлаган «бир кулчанинг ушоғи билан» қутилиб кетади деб билдирди.

«Бу қайтарилган пулнинг яна тўққиз квартирасини МХДҚ ўзларига олмоқда. Буни қўл кесарлик деб тушунса бўлади, аниқроғи пора қатори туюлади. Сабаби бирор бир катта мулкини кўрмай қолиш учун, кўз юмиб кетиш учун шундай шартнома бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди журналист.

Токтакунов ҳукуматдан журналистлар аниқлаган маблағларнинг барчасини «тўлиқ» қайтаришни, кейин бу пулларни пенсия билан ёрдам пулларига, «чой билан нонга» яшаган оддий халққа қайтаришни талаб қилди.


«Биз шуни талаб қиламиз. Охиригача шу бир тийинигача қайтарилмаса биз ўз талабимизда турамиз. Ҳозирги шоулар каби бизни алдай олишмайди», — деди сўзини якунида Токтакунов.


«Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг журналистлари божхонадаги коррупция схемасига Матраимовнинг алоқаси борлигини, бу схема ёрдамида давлатдан 700 млн доллар чиқариб кетилганини аниқлашган. МХДҚ Матраимовни 10 октябрда қўлга олган, бироқ у тергов билан ҳамкорликка рози бўлиб, келтирган зарарни ҳаммасини давлатга қайтаришга тайёрлигини билдиргандан сўнг қўйиб юборилган.

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов давлатга тўкадиган 2 млрд сомни тўлиқ берганини билдирган — куч тизимлари Матраимов 2 млрд сом зарарни Қирғизистон ичидаги фаолияти асосида келтирганини аниқлашган. Махсус хизмат текширувни давом эттирмоқда. Ташиев Матраимовнинг журналистлар яқинда аниқлаган чет давлатларидаги мулкларини текширишга ваъда берган.